«Омикрон» ва биржа савдолари: инвесторлар акцияларга сўнгги 4 йилдаги максимал сармояни киритди
Акциялар нархининг ўзгарувчанлиги «омикрон» штамми ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши фонида ошди.

Декабрь ойининг илк ҳафтасида фонд бозорига тушган пул оқими 2017 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Bank Of America маълумотларига таяниб, CNBC ёзмоқда. Кўринишидан, инвесторлар COVID-19’нинг янги штамми тарқалиши сабабли чекловлар жорий қилинишига ишонмаяпти.
Ўтган ҳафта, 29 ноябрдан 3 декабргача, биржада акциялар нархининг ўзгарувчанлиги янги «омикрон» штамми ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши фонида ошган. Бу даврда S&P 500 индекси 1,2 фоизга, Dow Jones индекси 0,9 фоизга, Nasdaq индекси 2,6 фоизга тушиб кетган. Шу ҳафтанинг бошида, аниқроғи 6-7 декабрь кунлари индекслар кўтарилиб, «омикрон» штаммидан аввалги даражадан ҳам ошиб кетган.
Мижозларининг савдоларини кузатувчи Bank Of America маълумотларига кўра, инвесторлар индекслар пасайишидан фойдаланиб, акцияларга сармоя киритишган. Ҳамма харид қилган: чакана инвесторлар, институционал инвесторлар ва ўтган ойда ўз позицияларини қисқартирган хеж-фондлар.
Охирги савдо ҳафтасида соф пул тушуми тахминан 7 миллиард долларни ташкил этган. Шундан 3,4 миллиард доллар ўз акцияларини сотиб олган компаниялар ҳиссасига тўғри келди. Бу март ойидан бери энг йирик корпоратив даромад ҳисобланади.
Бундай маълумотлар қайта сотиб олиш бозор ўсишини ривожлантирганини тасдиқлайди. Компанияларнинг нархлар пасайиши даврида сотиб олишга тайёрлиги АҚШнинг Федерал резерев сиёсатининг кескинлашувидан ва янги штаммлар пайдо бўлишидан хавотирда бўлган инвесторларни бироз тинчлантириши мумкин.
Bloomberg маълумотларига кўра, 2021 йил бошидан буён Америка корпорациялари умумий қиймати 1,1 триллион долларлик қайта сотиб олишни эълон қилган. Бу бир йил олдингига нисбатан уч баробара кўпдир.
Шунингдек, чакана инвесторлар ҳам февраль ойидан бери энг юқори пул тушумларини қайд этган. Кўпинча Bank Of America мижозлари заифлашган технологик компанияларнинг акцияларини сотиб олган.
Аввалроқ дунё бўйича инвесторлар инфляция туфайли кафолатсиз активларга кўпроқ қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди.






