Ўзбекистондаги 14 та банкда ислом дарчалари йўлга қўйилиши мумкин
Марказий банк раиси ислом молиясига оид қандай ишлар қилинаётганини айтди

Ўзбекистондаги 14 та банкда ислом дарчасини йўлга қўйиш устида ишлар бошланган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмурoтов Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Марказий банк раисининг таъкидлашича, бунда ислом тамойиллари асосида кредит бериш ишлари амалга оширилади.
«14 та банкда ислом дарчаларини йўлга қўйиш устида ишлар кетмоқда. Биз олдин жуда оддий ўйлар эканмиз. Ислом давлатлари банкларида ўзининг маълум жиҳатлари бор экан. Яъни мен сизга ислом тамойиллари асосида кредит беришим учун мен сизга берадиган ресурсни ҳам ислом тамойиллари асосида жалб қилишим керак бўлади. Яъни мен фоизга депозит жалб қилиб сизга ислом тамойили асосида кредит берсам, сиз олмаслигингиз мумкин. Чунки депозит жалб қилиш ислом тамойилига жавоб бермайди. Бу борада биз, энг аввало, ислом молияси бўйича саводхонликни ошириш борасида маълум ишларни амалга оширишимиз керак», — деди Марказий банк раиси.
Унинг таъкидлашича, ислом молиясига оид қонун лойиҳаси қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган.
«Ушбу қонун лойиҳасида ислом молияси бўйича операцияларни амалга ошириш учун микромолия ташкилотларига рухсат берганмиз. Бу борада тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиш жараёнида. Асосийси, шу вақтгача эътибор бермагандим, ислом молияси ривожланиши учун фатво берадиган мусулмонлар идораси ҳам керак экан. Яъни Малайзия ва Индонезиядаги мусулмон идоралари шунақа фатвога эга экан. Яъни бу жуда мураккаб ва нозик жараён. Бу нозик томонларига эътибор бермай, мана, ислом банки бўлди деган билан кўзлаган натижага эриша олмаймиз. Босқичма-босқич бу ишларни амалга ошириб, микрокредит ташкилотлардан кейин тижорат банкларида ислом молияси дарчасини очиш лозим», — деди Мамаризо Нурмуротов.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани ва Ўзбекистонга 9 ойда хориждан қанча пул ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.






