«Озарбайжоннинг ижтимоий суғурта ва пенсия таъминоти тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим» — Пенсия жамғармаси директори
Пенсия жамғармаси ижрочи директори Абдулазиз Ҳайдаров Озарбайжон Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси бошқаруви раиси Ҳимолай Мамишов билан учрашди.

Озарбайжоннинг ижтимоий суғурта ва пенсия таъминоти бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ижрочи директори Абдулазиз Ҳайдаров Озарбайжон давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси бошқаруви раиси Ҳимолай Мамишов билан учрашувда айтиб ўтди.
Молия вазирлиги ахборот хизматининг қайд этишича, учрашувда Мамишов Озарбайжонда ижтимоий таъминот соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ишлар, аҳолига кўрсатилаётган электрон ва проактив хизматлар, шунингдек, ушбу соҳани такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида, Хайдаров Ўзбекистонда пенсия таъминоти соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирар экан, Озарбайжоннинг ижтимоий суғурта ва пенсия таъминоти бўйича тажрибаси Ўзбекистон томони учун муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар ўзаро тажриба алмашишни янада кенгайтириш, ўзаро ташрифлар ташкил этиш, самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди.






