Ўзбекистон банк секторидаги муаммоли кредитлар. Жисмоний шахслар улуши 29 фоизга етди
Ўзбекистон банклари ассоцияцияси жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари тўғрисида маълумот берди

Ўзбекистонда сўнгги 9 ой давомида жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсди. Бу ҳақда Ўзбекистон банклари ассоцияцияси маълумот берди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 9 ойи давомида банк тизимида юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми 2,6 баробарга ўсган. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсиб, уларнинг жами муаммоли кредитлардаги улуши 17 фоиздан 29 фоизга етган.
Банк тизимида муаммоли кредитлар (НПЛ) улуши 2021 йилнинг июль ойида энг юқори даража — 6,2 фоизга етган эди. Ўз навбатида, муаммоли кредитлар улуши август-сентябрь ойларида 0,4 фоиз бандга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 5,8 фоизни (18,1 триллион сўм) ташкил этган.
Хабарга кўра, мижозлар бўйича муаммоли кредитларнинг 29 фоизи (5,2 триллион сўм) жисмоний шахслар ва 71 фоизи (12,9 триллион сўм) юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Тармоқлар қирқимида муаммоли кредитларнинг ўсиши, асосан транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таъкидланишича, банклар томонидан иқтисодиётга 2021 йилнинг 9 ойи давомида 119,5 триллион сўм миқдорида ёки 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 фоизга кўп кредит ажратилган. Мазкур кредитларнинг асосий қисми (76 фоизи) — 91 триллион сўм тадбиркорлик субъектларига (корпоратив мижозлар) ажратилган бўлиб, уларнинг 66 триллион сўми узоқ муддатли инвестицион лойиҳаларга ва 25 триллион сўми револьвер асосида хўжалик фаолияти узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги 14 та банкда ислом дарчалари йўлга қўйилиши мумкинлиги маълум қилинди.






