Ўзбекистон сўмининг реал алмашув курси уч йилда қанчага мустаҳкамлангани маълум бўлди
Сўм реал алмашув курсининг мустаҳкамланиши миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги пасайишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон сўмининг реал алмашув курси 2018–2021 йилларда 31,5 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг 2021 йил якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлар шарҳида маълум қилинди.
Асосий савдо ҳамкорлар билан 2018–2021 йилларда сўмнинг реал самарали алмашув курси (2018 йил январга нисбатан) ўртача 31,5 фоизга мустаҳкамланди. Бу ўз навбатида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг асосий савдо ҳамкор давлатлар ишлаб чиқарувчилари билан рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Хусусан, 2018–2021 йилларда сўмнинг реал алмашув курси (2018 йил январга нисбатан) Россия рублига нисбатан 25,9 фоизга мустаҳкамланди. Натижада Россия билан савдо балансининг манфий сальдоси 2,4 мартага ошиб, 1,4 миллиард доллардан 3,4 миллиард долларга етди.
Шунингдек, деярли барча товар ва хизмат гуруҳларида импорт ҳажми кўпайиб борган бўлса, экспортда тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўсиш тенденцияси кузатилиб, бошқа турдаги маҳсулотлар бўйича пасайиш кузатилган. Шу билан бирга савдо балансининг манфий сальдоси юзага келишига энергияташувчилар экспортининг кескин тушиши ҳам сабаб бўлган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 2018 йилги кўрсаткичга нисбатан деярли икки баробар кўпайган. Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича импорт кўрсаткичи экспорт кўрсаткичидан таҳлил қилинаётган йилларда қарийб икки марта кўпдир.
Аввалроқ Ўзбекистон банкларининг пул бозоридаги фаоллиги бир йил олдинги кўрсаткичдан тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, иқтисодчи Отабек Бакиров ташқи омиллар миллий валютага таъсир қилмаётганини маълум қилди.