Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ-10 давлатлар қайсилиги маълум қилинди
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга мамлакатлар орасида Хитой етакчилик қилмоқда. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 6,9 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шунингдек, Россия ва Қозоғистоннинг ташқи савдодаги улуши бошқа давлатларникидан юқори

Ўзбекистоннинг 2022 йил январь-сентябрь ойлари давомидаги ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бу даврда Хитой билан ташқи савдо айланмаси миқдори 6,9 миллиард долларга етган. Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлган Россия билан савдо айланмаси миқдори 6,5 миллиард долларни ташкил этган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Қозоғистон 3,3 миллиард доллар, Туркия 2,5 миллиард доллар, Корея Республикаси 1,8 миллиард доллар, Қирғиз Республикаси 867 миллион доллар, Германия 783 миллион доллар, Туркманистон 569 миллион доллар, Афғонистон 521 миллион доллар, Ҳиндистон 502 миллион доллар улушга эга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 2022 йилнинг январь-июль ойларидаги ташқи савдо айланмаси 28,1 миллиард долларни ташкил қилгани, бундан 11,3 миллиарди экспорт, 16,8 миллиард доллари импорт ҳиссасига тўғри келиши ҳақида хабар берилганди.






