Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармонлари ўртасида бизнес форум ўтказилди
Бизнес-форумда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилган
Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармонлари ўртасида бизнес форум ташкил этилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини яхшилаш, ҳартомонлама манфаатли бизнес муҳитини шакллантириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида бизнес-форумлар ва B2B учрашувлар ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида жойлашган «Ўзметкомбинат»га қарашли маданият саройида «Тадбиркорликни жадал ва янада кенг ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш — энг муҳим вазифамиздир» шиори остида бизнес форум ўтказилган.
Маълум қилинишича, бизнес-форумда Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Спитамен ва Жаббор Расулов туманлари, Тошкент вилоятининг Пскент, Юқоричирчиқ, Чиноз, Бўка туманлари, Ангрен шаҳар, Бекобод шаҳар ва туманларида фаолият юритувчи фаол тадбиркорлик субъектлари иштирок этган. Бизнес форум доирасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда тантанали концерт дастури ташкил этилган.
Аввалроқ Тошкентда Ўзбекистон ва Австрия ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ўтказилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда МДҲ давлатларининг II Халқаро банк-молия форуми бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилди.