Ўзбекистонда 25 ёшгача бўлган ходимларга тўланган ижтимоий солиқ суммаси қандай қайтариб олинади?
Солиқ суммасини қайтаришга ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель экани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2021 йил 1 майдан 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати солиқларни қайтариб олиш тартиби бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ёш ходим ҳисобот ойида 25 ёшдан ошмаган бўлиши лозим. Шунигндек, ёш ходим узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган бўлиши ҳамда иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ижтимоий солиқ узлуксиз тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши талаб этилади. Ушбу талабларга жавоб бермайдиган иш берувчининг аризаси рад этилади.
Қайд этилишича, 25 ёшгача бўлган ходимлар учун ижтимоий солиқ суммасини қайтаришга ариза бериш учун қуйидаги кетма-кетликни амалга ошириш лозим:
- Soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида кирилади. «Хизматлар», «Солиқ мажбуриятлари», «Ижтимоий солиқ суммасини қайтариш» бўлимлари кетма-кетликда танланади;
- Очилган ойнада иш берувчи ҳақидаги маълумотлар автоматик шаклланади;
- Ижтимоий солиқ суммасини қайтариш сўралаётган давр кўрсатилади. Таъкидланишича, 2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати — 2023 йил 1 апрель;
- Тегишли саналар киритилгач, корхонанинг 6 ой давомида узлуксиз ишлаган 25 ёшгача бўлган ходимлари рўйхати ва ижтимоий солиқ суммаси автоматик тарзда шаклланади;
- Маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, хусусан, ижтимоий солиқ ставкаси, миқдори ва юридик шахснинг банк реквизитлари — пул маблағлари қайтариладиган ҳисоб рақами текширилади;
- «Ариза шакллантириш» тугмаси босилади. Сўнгра ариза ва унинг иловаси шаклланади. Иловани сақлаш ва чоп этиш мумкин;
- Киритилган маълумотларнинг тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилингач, «Аризани юбориш» тугмаси босилади.
Шунингдек, «Юборилган аризалар» бўлимида ариза ҳолати, ижрочиси ва кўриб чиқиш муддатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар акс эттирилади. Ариза 5 иш кунида ўрганиб чиқилади.
Бундан ташқари, тақдим этилган ариза барча талабларга жавоб берса, 1 иш куни ичида шакллантириладиган солиқ органларининг тегишли хулосаси билан бирга Молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликка юборилади.
Шунингдек, 25 ёшгача бўлган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қайтариш тартиби бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ижтимоий солиқ суммасини қайтариб олиш бўйича ушбу видеоқўлланмадан фойдаланиш тавсия этилади.
Аввалроқ Сардоба фожиасида зарар кўрган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарёдаги 4 та туманда тадбиркорлик субъектлари айрим солиқлардан озод қилиниши ҳақида хабар берилди.






