Ўзбекистонда айрим аҳоли вакиллари даромад солиғидан озод қилиниши мумкин
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди

Ўзбекистонда айрим ёш оилалар даромад солиғидан озод қилиниши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мажлисда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва даромадларини оширишга қаратилган — «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексининг 378-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан олий ва профессионал таълим муассаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини қоплашга йўналтирилган жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ имтиёзлари қўлланилади.
Шунингдек, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётда бир-бирини зидловчи қонун ҳужжатлар юзага келишининг олдини олишга, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва даромадларини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиладиган газга акциз солиғи солиш бекор қилинганди.






