Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиладиган газга акциз солиғи солиш бекор қилинди
Солиқ имтиёзи бўйича Президент қарори қабу қилинди

Ўзбекистон Президентининг «Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум бўлишича, қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан юридик шахслар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғининг ноль фоизлик ставкаси белгиланган.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.
Таъкидланишича, тадбиркорларга табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга импорт қилишда ҚҚСни 120 кунгача муддатга фоизлар ҳисобланмаган ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда, кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши маълум қилинганди.






