Ўзбекистонда маҳалла ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари белгиланди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш мақсадида жамғармаси ташкил этилди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни қабул қилган.
Шунингдек, Президентнинг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ юридик шахс мақомига эга бўлмаган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Қайд этилишича, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари белгилаб берилган. Булар қаторига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари киритилган.
Бундан ташқари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлари жамғарма маблағлари экани кўрсатилган. Ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳам жамғарма манбалари жумласидандир.
Таъкидланишича, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган. У қуйидагиларни назарда тутади:
- жамғарма маблағларининг шакллантиришнинг асосий манбалари ва ушбу маблағлардан фойдаланишнинг мақсади;
- жамғарма маблағлари ҳисобидан ходимларга ҳар ойлик устамалар белгилаш ва тўлаш, шунингдек, уларни мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби;
- туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий ва рағбатлантирувчи устамалар тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилади. Хусусан, ходимлар рейтинг тизимига асосан келгуси чорак давомида 50 дан 100 фоизгача ҳар ойлик устамалар олади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28 декабрдан кучга кирган
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига қанча маблағ сарфлангани маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилгани ҳақида хабар берилди.






