Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони маълум қилинди
Пенсия ва нафақа олувчилар сони 2020 йилга нисбатан 57,9 минг нафар ёки 21,5 фоизга кўпайган

Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчи оилалар сони 4 миллион нафардан ошди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга олинган пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига 4 миллион 3,8 минг нафарни (бундан, 2 миллион 269,9 минг нафари (56,7 фоизи) аёллар) ташкил қилган. Уларнинг аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 178,6 минг нафар (4,7 фоиз)га кўпайган.
Шундан, 2 миллион 966,7 минг нафари (74,1 фоизи)ни ёшга доир пенсия (бундан, 1 миллион 898,1 минг нафари ёки 64 фоизи аёллар), 397,6 минг нафари (9,9 фоизи)ни ногиронлик пенсияси (бундан, 163,5 минг нафари ёки 41,1 фоизи аёллар), 198,6 минг нафари (5,0 фоизи)ни боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар ва 440,8 минг нафари (11,0 фоизи)ни нафақа олувчилар (бундан, 208,3 минг нафари ёки 47,3 фоизи аёллар) ташкил қилган.
Қайд этилишича, 2021 йил 1 январь ҳолатига нисбатан ёшга доир пенсия олувчилар сони 117,7 минг нафар киши (4,1 фоиз)га, ногиронлик пенсия олувчилар сони 11,0 минг нафар киши (2,9 фоиз)га, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони 9,6 минг оила (5,1 фоиз)га ва нафақа олувчилар сони 40,2 минг нафар киши (10,0 фоиз)га ортган.
Шунингдек, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида 327,5 минг нафар (бундан, 161,5 минг нафари ёки 49,3 фоизи аёллар) фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланган. Шундан, 215,1 минг нафари (65,7 фоизи)га ёшга доир пенсия, 29,9 минг нафари (9,1 фоизи)га ногирон шахс сифатида пенсия, 19,6 минг оила (6,0 фоиз)га боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва 62,9 минг нафари (19,2 фоизи)га нафақалар тайинланган.
Таъкидланишича, 2020 йилнинг январь-октябрь ойларига нисбатан 57,9 минг нафар ёки 21,5 фоизга кўп фуқароларга пенсия ва нафақа тайинланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ўзгариши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда энг юқори пенсия бериладиган ҳудудлар ҳақида хабар берилди.






