Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун сувдан фойдаланганлик солиғи 2021 йил ставкасида сақлаб қолинади
Қонунчилик палатасида Солиқ ставкасига киритиладиган ўзгартишлар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, таклиф этилаётган лойиҳада фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирмаларга киритиладиган амортизация ажратмалари нормаларини ўртача 2 бараварга ошириш, бир марталик инвестициявий чегирма миқдорларини, бинолар бўйича — 10 фоиз, янги технологик асбоб-ускуна бўйича — 20 фоиз белгиланган ҳолда 2 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.
Таъкидланишича, кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир квадрат метр учун минимал қиймат жорий этиш билан бирга юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 дан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам жорий этиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун эса солиқ ва акциз солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилиш назарда тутиляпти. Бунда, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2021 йил даражасида (1 куб метр учун 40 сўм) сақлаб қолинмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳада солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш, хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш масаласи ҳам акс этган.
Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси қабул қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда солиқ имтиёзларини назорат қилиш учун «E-imtiyoz» ахборот тизими яратилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда томорқаларни суғориш харажатларини қисман қоплашга 50 млрд сўм ажратилиши ҳақида хабар берилди.






