Марказий банк QIWI Uzbekistan электрон пуллар тизими фаолиятига рухсат берди
Марказий банк фаолият бўйича тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқди

Ўзбекистонда QIWI Uzbekistan электрон пуллар тизими фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тўлов ташкилоти лицензиясига эга бўлган «Payment Aggregation Systems» МЧЖ томонидан QIWI Uzbekistan электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилган.
Шунингдек, «Капиталбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан мазкур электрон пуллар тизимининг эмитенти сифатида электрон пулларни чиқариш фаолияти бўйича ҳавола этилган ҳужжатлар ҳам кўриб чиқилган.
Ўрганиш натижасида «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари»га кўра, QIWI Uzbekistan электрон пуллар тизими Марказий банкнинг Электрон пуллар тизими реестрига киритилиб, электрон пулларнинг чиқарилиши фаолиятига рухсат берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Bank Apelsin» аксиядорлик жамиятига банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганди.






