Ўзбекистонда яна 200 та давлат хизмати электрон шаклда кўрсатилади
Муҳокамага қўйилган 2023 йилги давлат дастурига мувофиқ, анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади

«Тараққиёт стратегияси» маркази 2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Унда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизмати электрон шаклга ўтади.
Унга кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланади.
Бунда мобил иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш кабилар кўзда тутилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бунинг натижасида электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Маълумот ўрнида, ҳозирда мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилади.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади.
Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада, йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.
Бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни ЯИДХП орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади. Қайд этилишича, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 миллиард сўм иқтисод қилинган.






