Ўзбекистонда янги банк фаолиятига рухсат берилди
Марказий банк ташкилотга лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди
Ўзбекистонда «Bank Apelsin» аксиядорлик жамиятига банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. Бу ҳақда Марказий матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Марказий банк бошқаруви Тошкент шаҳрида «Bank Apelsin» акциядорлик жамиятини рўйхатдан ўтказиш ва унга банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилган.
«Эндиликда биз тарихимизнинг янги саҳифасини очмоқдамиз, биз учун янги имкониятлар очилмоқда, ўз олдимизга янги мақсадлар қўямиз ва янги хизматлардан завқланишни давом эттиришга ҳамда уларни имкон қадар тез ва самарали ишга туширишга ваъда берамиз», дейилади Apelsin хабарида.
Маълумот ўрнида, «Банк ва банклар тўғрисида»ги қонунга кўра, бир банк бошқа банкнинг 100 фоиз улушига эгалик қилиши ва у билан бирга банк гуруҳини ташкил этиши мумкин.
Аввалроқ тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани айтилганди.