Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюта курслари АҚШ долларига нисбатан қандай динамика кўрсатди?
Марказий банк Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюталари курслари август ойида АҚШ долларига нисбатан қандай динамика кўрсатганини таҳлил қилди. Рубль, юань, лира долларга нисбатан қадрсизланди, тенге, аксинча, мустаҳкамланди.
Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюталари курслари август ойида АҚШ долларига нисбатан қандай динамика кўрсатганини таҳлил қилинди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Реал самарали алмашув курси шарҳида сўз боради.
Россия рубли
Россия рубли август ойида 2,3 фоизга қадрсизланди (1 АҚШ доллари 59,4 рублдан 60,8 рублгa). Бундай қадрсизланишга иқтисодий санкциялар ва нефть нархи пасайиши фонида энергия маҳсулотлари экспортидан олинадиган даромадлар камайиб бориши билан изоҳланади.
Шунингдек, Россия федерал бюджети июль ойида рекорд даражадаги дефицит (892 млрд рубль) билан ижро этилди. Россия Марказий банки 22 июль куни асосий фоиз ставкасини 9,5 фоиздан 8 фоизгача пасайтирди.
Қозоғистон тенгеси
Қозоғистон тенгеси август ойида 0,3 фоизга мустаҳкамланди (1 АҚШ доллари 476,3 тенгедан 474,8 тенгегa). Бунда, мазкур ойда давомида йирик компаниялар томонидан солиқлар тўланиши тенге курсини қўллаб-қувватловчи омил бўлди.
Туркия лираси
Август ойида ҳам турк лирасининг юқори суръатларда қадрсизланиши (3,3 фоизга) давом этди. Мамлакатда кузатилаётган юқори инфляцияга қарамасдан Туркия Марказий банки томонидан фоиз ставкасининг пасайтирилиши, юқори инфляцион босимлар ҳамда макроиқтисодий беқарорлик лиранинг қадрсизланиши давом этишига сабаб бўлди.
Юань
Хитой банкининг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида рағбатлантирувчи пул-кредит сиёсати олиб бораётгани ҳамда доллар индексининг мустаҳкамланиши юань курсига салбий таъсир кўрсатди.
Бунинг оқибатида юань курси август ойида июль ойига нисбатан 1,0 фоизга қадрсизланди (1 АҚШ доллари 6,73 юандан 6,8 юангa).