Прогноз салбий: Fitch Туркия рейтингини «BB-»дан «B+»га туширди
Туркиянинг ҳозирги рейтинглари инвестиция даражасидан тўрт поғона паст.

Fitch халқаро рейтинг агентлиги Туркиянинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингини «BB-»дан «B+»га туширди. Бу ҳақда «Интерфакс» нашри ёзмоқда.
«Рейтинг прогнози — ‘салбий’», дейилади агентлик баёнотида.
Туркиянинг ҳозирги рейтинглари инвестиция даражасидан тўрт поғона паст. Fitch экспертлари рейтингнинг пасайиши ортида турган омиллар орасида юқори инфляция, паст ташқи ликвидлик ва мамлакат сиёсатига ишончнинг заифлигини қайд этган.
Туркия Марказий банки 2021 йил сентябрь ойидан бошлаб базавий ставкани 500 базавий пунктга пасайтирди. Бошқа ривожланаётган бозорлар марказий банклари эса нарх босимини ушлаб туриш мақсадида асосан пул-кредит сиёсатини кучайтирди.
Марказий банк бу иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини таъкидлаган Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг босими остида бундай агрессив сиёсатни юмшатишга борди.
Декабрь ойида Марказий банк лиранинг тушишини қайтариш ва истеъмол нархлари ўсишини чеклаш чораларини эълон қилишидан олдин турк лираси долларга нисбатан ярим қийматини йўқотди. Шунга қарамай, Туркияда январь ойида инфляция 48,7 фоизга ошиб, 20 йилликдаги энг юқори кўрсаткичга етди.
«Fitch мамлакат расмийлари томонидан инфляцияни жиловлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик хатарларининг барқарор юмшатилишига олиб келишини кутмайди», дейилади агентлик хабарида.
Туркиянинг қисқа муддатли хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтинги «B» даражасида тасдиқланган. Мамлакат рейтингининг юқори даражаси «BB-»дан «B+» даражасига туширилди.






