Қозоғистонда криптомайнерлар туфайли электр таъминотида узилишлар бошланди
Қозоғистонда энергия истеъмоли 2021 йилда 7–8 фоизга ошди

Хитойдан криптомайнерларнинг кўчиши туфайли Қозоғистонда энергия истеъмоли кескин ўсди, маҳаллий электр станциялари юкланишларни кўтаришдан тўхтади. Бу ҳақда Engadget хабар бермоқда.
Сентябрь ойида Хитой ҳукумати мамлакат ичида криптовалюталар билан амалга ошириладиган ҳар қандай операцияларни тақиқлади. Бунинг натижасида кўплаб криптомайнерлар ускуналарни қўшни Қозоғистонга кўчирди.
The Financial Times маълумотларига кўра, Хитойдан Қозоғистонга деярли 88 минг майнинг қурилмалари юборилган. Шу билан, Қозоғистон криптовалюталарни қазиб олиш бўйича мамлакатлар рейтингида иккинчи ўринга кўтарилган.
Натижада Қозоғистонда энергия истеъмоли 2021 йилда 7–8 фоизга ошди, одатдаги йиллик ўсиш суръатлари эса 1–2 фоизни ташкил этарди. Октябрь ойи бошидан буён республиканинг олти вилоятида электр таъминотида кенг кўламли узилишлар қайд этилди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бу уй ва корхоналарда ноқонуний равишда криптовалюта ишлаб чиқараётган, рўйхатдан ўтмаган криптомайнерлар сонининг кўпайиши билан боғлиқ.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев июнь ойида майнинг солиғи тўғрисидаги қонунни имзолади. Майнингчилар 2022 йилда ишлатадиган ҳар бир киловатт-соат энергия учун 1 тенге (тахминан 0,0023 доллар) тўлаши керак бўлади. Бундан ташқари, Қозоғистон «Интер РАО» ҳолдинги билан Россиядан қўшимча электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
Қозоғистон бундай муаммоларга дуч келаётган ягона давлат эмас. Май ойида Эрон электр энергиясидаги узилишлар туфайли 4 ойга кон майнинг билан шуғулланишни тақиқлаган эди.
Аввалроқ Таиланд сайёҳлар учун рақамли токенлар чиқариши ҳақида хабар берилган эди.






