
Россияда газ қазиб олиш ҳажми камайди
Мамлакатнинг умумий газ қазиб олиш ҳажмининг камайишидаги асосий ҳисса «Газпром»да ишлаб чиқаришнинг пасайиши сабаб бўлган. 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида газ қазиб олиш 11,9 фоизга камайиб, 612,9 млрд куб метрни ташкил этган

Россияда 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида газ қазиб олиш 11,9 фоизга камайиб, 612,9 миллиард куб метрни ташкил қилди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар берди.
Қайд этилишича, умумий газ қазиб олиш ҳажмининг камайишидаги асосий ҳисса «Газпром»да ишлаб чиқаришнинг пасайиши сабаб бўлган. Шу билан бирга, Россиядаги энг йирик мустақил газ ишлаб чиқарувчилар – «Роснефт» ва «Новатек» компанияларида аксинча газ қазиб олиш ҳажми ортган.
Бу даврда «Газпром» 376,9 миллиард метр куб газ қазиб олган бўлса, (-19,4 фоиз), компаниядаги пасайишнинг асосий сабаби Европа Иттифоқида ёқилғи истеъмолининг камайиши туфайли юзага келган. Бундан ташқари, ички бозордаги талаб ҳам 5,7 фоизга камайган.
«Газпром»нинг газ қувурлари орқали МДҲдан ташқари давлатларга етказиб бериш ҳажми ҳам 44,5 фоизга камайиб, 95,2 миллиард куб метрни ташкил қилган.






