Рублнинг қулаши сабабли ўзбекистонлик айрим меҳнат муҳожирлари Россияни тарк эта бошлади
Мутахассисларнинг қайд этишича, бўшаган иш ўринларини россияликлар эгаллайди.
Россиядаги озарбайжон, тожик, ўзбек ва қозоқ диаспоралари вакиллари Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан кейин меҳнат муҳожирлари чиқиб кетгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда «Ведомости» ёзмоқда.
Маълум қилинишича, муҳожирларнинг ўз ватанларига қайтиш қарори рублнинг тушиши билан изоҳланади.
«Агар одамлар пул топиш ва уйларига пул жўнатиш учун келган бўлса, рубль курси туфайли бу улар учун фойдасиз бўлиб қолди. Олдин 1000 рубль 1400 сом эди. Ҳозир эса — 600 сом», — дейди қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари учун «Билим» мослашув лойиҳаси асосчиси Мақсатбек Абдуназар.
Шунингдек, санкциялар туфайли Россияда пул жўнатиш воситалари олдингига қараганда анча кам.
«Агар илгари улар Western Union ва ‘Сбербанк’, ‘ВТБ’ каби банклардан фойдаланган бўлса, энди Mastercard ва Visa орқали пул ўтказмалари мумкин эмас», — дея қўшимча қилди Москвадаги ўзбек диаспораси вакили, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов.
Қурилиш ва таъмирлаш бўйича буюртмалар сони ҳам қурилиш материаллари нархининг кўтарилиши туфайли камайиб бормоқда ҳамда мигрантлар кўпинча шу соҳада ишлайди. Шу билан бирга, мигрантлар оқимининг кўламини баҳолаш қийин, чунки Россия Ички ишлар вазирлиги статистикаси фақат рўйхатга олинган мигрантларни ҳисобга олади.
«Мавсумий ишлар учун бу ерга келганлар, меҳнат муҳожирлари ҳозир деярли барча рейслар бекор қилинишига дуч келмоқда, улар жуда қиммат — 30 мингдан 200 минг рублгача. Меҳнат муҳожирлари учун бу чидаб бўлмас миқдор», — дейди Москвадаги озарбайжонлар жамияти раиси Шамил Тагиев.
Меҳнат миграцияси бўйича эксперт Асилбек Эгембердиевга кўра, бўш иш ўринларини россияликлар эгаллайди. Мутахассиснинг қайд этишича, 2020 йилда пандемия бошланганидан бери россияликлар илгари муҳожирлар эгаллаб турган иш ўринларининг 20 фоизини эгаллаган.
Бизнесда меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши ҳали сезилмаган. Москвада аҳолини иш билан таъминлаш маркази сўнгги ойда россияликларнинг одатда меҳнат муҳожирлари эгаллаган бўш иш ўринларига: такси ҳайдовчилари, «Жилишчник» давлат бюджет муассасаси ходимлари, «Ритуал» давлат бюджети муассасаси ва курьер хизматиларга бўлган талабнинг ўсишини қайд этмади.
Меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши меҳнат унумдорлигининг пасайишига, ривожланишнинг секинлашишига ва фойданинг йўқолишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди «Рокет ворк» бош директори Анастасия Ускова. Иқтисодиёт ва тадбиркорликнинг қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, умумий овқатланиш, чакана савдо, етказиб бериш ва мобиллик хизматлари каби тармоқлари маълум даражада хорижий ишчи кучига таянади.
Аввалроқ Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари маълумотларининг махфийлиги таъминланиши хабар қилинганди. Шунингдек, Россияда меҳнат муҳожирлари ўртача қанча ойлик олиши ҳақида хабар берилди.