Сўмнинг расмий рамзи қандай кўринишда бўлиши эълон қилинди
Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги ғолиб сифатида танлаб олинди.
Миллий валюта — «Сўм рамзи»ни ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Танлов натижаларига кўра, ҳайъат томонидан Ўзбекистон миллий валютаси — «сўм»нинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа сифатида Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинган.
Танловнинг якуний босқичида шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланган.
Саралаш босқичи танлов ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилди ва қуйидагиларни ўз ичига олган:
- дастлабки саралаш — ҳар бир танлов лойиҳасини техник талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиш (ишлаб чиқилган элементлар бўйича тўлиқ маълумотларни ва аҳамиятини акс эттирувчи концепция;
- имзоланган ариза; юборилган аризада барча ҳужжатларнинг илова қилингани).
Натижада 508 та ижодий лойиҳа танлаб олинган ва уларнинг ҳар бирига махфийликни таъминлаш мақсадида индивидуал шифр рақамлари берилган.
Техник экспертиза — шифрланган ижодий лойиҳалар танлов мезонларига мувофиқлиги бўйича текширилган. Натижада 54 та шифрланган ижодий лойиҳалар танлов ҳакамлар ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов ишларини қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳолаган:
- ўзига хослик (уникал) ва оригиналлик;
- универсаллик;
- осон таниб олиниши;
- рамзий ва фарқли жиҳатлари;
- сўм рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги.
Маълумот учун, Марказий банк томонидан Миллий валюта «Сўм рамзи»ни ишлаб чиқиш бўйича танлов жорий йилнинг 8 февралидан 31 мартига қадар ўтказилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танловга юборилган аризаларнинг умумий сони 17 мингдан ортиқни ташкил этди.