Тошкентда Туркия компанияси билан электр энергияси бўича 109 млн долларлик лойиҳа амалга оширилади
Лойиҳа натижасида пойтахтда йилига қўшимча 515,6 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда электр энергия ишлаб чиқариш соҳасида замонавий, юқорисамарадор ва энерготежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида «Иссиқлик электр станциялари» корхонаси Туркиянинг «Çalik Enerji» компанияси билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, навбатдаги инвестицион лойиҳа «Тошкент ИЭМ»да амалга оширилади. Унга кўра, 2024 йилга қадар марказда ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси бунёд этилади ва лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида Туркиянинг «Çalik Enerji» компанияси иштирок этади.

Қайд этилишича, «Иссиқлик электр станциялари» корхонасида «Тошкент ИЭМ» ва «Çalik Enerji» компаниялари ўртасида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтган.
«‘Çalik Enerji’ компанияси Ўзбекистонда энергетика соҳасида олиб борилаётган катта ўзгаришларнинг гувоҳи, биз бу ерда Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларидаги жаҳонда андозаси кам бўлган замонавий буғ-газ қурилмаларининг қурилишида иштирок этдик», — дейган лойиҳа менежери Заҳид Аричи.
Маълум бўлишича, лойиҳанинг умумий қиймати — 109 миллион 243 минг доллар, шундан:
- Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағлари — 81,06 миллион доллар;
- Корхонанинг ўз маблағлари — 15,46 миллион доллар;
- Ўзбекистоннинг қўшган улуши — 12,71 миллион долларни ташкил қилади.
Шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион кВт/соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқоритежамкор технологиялар эвазига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади. Атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайтирилади.
Таъкидланишича, ушбу энергоускуна ўзининг юқори самарадорлиги билан ажралиб туради, унинг фойдали иш коэффициенти 64 фоизни ташкил этади.
Аввалроқ Ўзбекистонда илк бор фуқаро давлатга электр токи сотишни бошлагани хабар қилинганди.






