Тошкентдаги Қўйлиқ, Олой, Ўрикзор ва яна бир қанча бозорлар сотилади
Президент фармони хусусийлаштириш учун асос қилиб олинган
Тошкент шаҳридаги бир нечта бозорлар сотувга қўйилади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ўзбекистон Президентининг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 27 октябрдаги фармони қарор учун асос қилиб олинган. Фармонда 2021 йил 1 декабрга қадар бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.
Тошкент шаҳрида сотувга қўйиладиган бозорлар қаторида Паркент универсал савдо комплекси, Янгиобод ихтисослашган бозори, Қорақамиш деҳқон бозори, Юнусобод деҳқон бозори, Ўрикзор савдо комплекси, Қўйлиқ деҳқон бозори, Чорсу буюм савдо комлекси, Олой деҳқон бозори ва Бек тўпи савдо комплекси ҳам бор.
Қайд этилишича, бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларини сотиш шартлари ва усуллари давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади.
Аввалроқ «Сувмаш»нинг 47 фоиз акция пакети сотувга қўйилганди. Шунингдек, «Фарғонаазот»нинг устав капиталидаги акция пакетлари хусусийлаштирилиши ҳақида хабар берилди.