«WhatsApp техник жамоаси бунчалик қобилиятсиз эканига ишониш қийин» — Дуров
Бизнесмен Boldend стартапининг тадқиқотини далил қилиб кўрсатади.

Павел Дуров Telegram каналида қолдирган постида WhatsApp техник жамоасини қобилиятсиз деб атади.
Павел Дуров ўзининг инглиз тилидаги расмий Telegram каналида WhatsApp танқид қилган постини ёзган. Тадбиркорнинг Boldernd тадқиқотидан келтирган сўзларига кўра, Meta компаниясининг мессенжери потенциал ҳужумчиларга нисбатан заифлигини яна бир бор исботлаган.
«WhatsApp яратилганидан бери унинг хавфсиз бўлган вақти деярли бўлмаган: тадқиқотчилар ҳар бир неча ойда иловада янги хавфсизлик муаммосини аниқлайди», — деб ёзади Дуров.
Telegram асосчиси киберхавфсизлик соҳасидаги муаммолар билан шуғулланувчи америкалик Boldend стартапининг тадқиқотини далил қилиб кўрсатади. Boldend WhatsApp’да бир неча йиллардан бери мавжуд бўлган камчиликни топган. Унинг ёрдами билан ҳужумчилар ўз қурбонларининг ёзишмаларига кириши мумкин. Дуровнинг қайд этишича, тузилишининг мураккаброқ бўлишига қарамай, Telegram ҳеч қачон бундай жиддий хавфсизлик муаммоларига дуч келмаган.
«WhatsApp техник жамоасининг доимий равишда қобилиятсиз эканига ишониш қийин», — дея таъкидлайди Дуров.
Маълумот ўрнида, 2021 йил охирида Павел Дуров ўз мессенжерининг махфийлигини сақлаш тўғрисида гапирганди. Унинг лойиҳаси, бошқа мессенжерлардан фарқли ўлароқ, учинчи шахслар таъсиридан ҳимояланган.
Шунингдек, тадбиркор WhatsApp фойдаланувчиларнинг маълумотларини реал вақт режимида учинчи шахсларга узатаётганини ва E2E шифрлаш шартларига қарамай, ёзишмалар мазмунини ошкор қилиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган.
Аввалроқ Telegram рақобатчиси мессенжерни ишончсизликда айблагани хабар қилинганди. Шунингдек, Дуров Россияда криптовалюта тақиқланишига муносабат билдиргани ҳақида хабар берилди.






