Жамшид Қўчқоров МДҲ Молия-банк кенгаши делегацияси билан учрашди
Учрашув давомида асосий эътибор МДҲга аъзо давлатларнинг II халқаро молия-банк форумига қаратилган

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Молия-банк кенгаши мувофиқлаштирувчи кенгаши президенти Вадим Кумин бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида асосий эътибор 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг II халқаро молия-банк форумини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишга қаратилган. Вадим Кумин Ўзбекистоннинг халқаро тадбирларни ўтказишдаги улкан тажрибасини, хусусан, Тошкент шаҳрида I халқаро Молия-банк форумини ташкил этишнинг юқори даражасини қайд этган. Шу билан бирга, МДҲ II халқаро молия-банк форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиган.
Ўзбекистон томони МДҲ МБК раҳбарига юқори ишонч учун миннатдорлик билдириб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ушбу тадбирни ташкил этиш бўйича фаол иш олиб бораётганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, томонлар ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, хусусан, Ўзбекистондан келган муҳожирлар учун янги имкониятлар яратиш, яъни пул ўтказмаларини такомиллаштириш, шунингдек, суғурта хизматлари жараёнини енгиллаштиришни муҳокама қилган. Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олган.
Маълумот учун, 2019 йилда Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг I Халқаро молия-банк форуми бўлиб ўтган эди. Форумда банк-молия тузилмалари раҳбарлари ҳамда турли молия, суғурта, лизинг, инвестиция компаниялари ва рейтинг агентликлари вакиллари даражасида 425 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиб, улардан 168 нафари хорижий мамлакатлардан келган дунёнинг 21 давлати вакили эди.
Аввалроқ Тошкентда МДҲ давлатларининг II Халқаро банк-молия форуми бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.






