Ўзбекистонда уй-жой қурилишида «эскроу» тизими жорий этилмоқда. У қандай ишлайди?
Энди аҳолининг пул маблағлари тўғридан-тўғри қурувчига эмас, балки улушли шартномада белгиланган графикка асосан ҳар ой «эскроу» ҳисоб рақамида жамлаб борилади.
![Ўзбекистонда уй-жой қурилишида «эскроу» тизими жорий этилмоқда. У қандай ишлайди?](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2025/02/photo_2024-02-13_16-03-14.jpg)
2017-2024 йиллар давомида тижорат банклари томонидан қарийб 480 минг нафар фуқароларга уй-жой сотиб олиш ҳамда қуриш ва реконструкция қилиш учун умумий қиймати 84,1 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилган. Бу ҳақда Марказий банк бошқарма бошлиғи Нодир Комилов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, биргина 2024 йилнинг ўзида жами 17,1 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ажратилиб, 59 минг нафарга яқин фуқаро уй-жой билан таъминланган.
Президентнинг жорий январ ойидаги фармонига кўра, аҳолининг пул маблағлари тўғридан-тўғри қурувчига эмас, балки улушли шартномада белгиланган графикка асосан ҳар ой «эскроу» ҳисоб рақамида жамлаб борилади. «Эскроу» ҳисобварағи бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ёки маблағларни бошқа мажбуриятлар бўйича тўловларни амалга оширишга рухсат берилмайди.
Банклар мазкур маблағларни қурилиш якунига кўра қурувчи пудрат ташкилотларига ёки улушдор фуқароларга қайтаради.
Қайд этилишича, улуш киритиш асосида уй-жойларни қуриш жараёнида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда бир қатор муҳим нормалар белгиланмоқда. Жумладан:
биринчидан, аҳолининг пул маблағларини қурилишга улуш киритиш асосида жалб қилишга фақат нотариал тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтказилган шартнома асосида амалга оширилади;
иккинчидан, улушли шартномалар асосида қуриладиган уй-жойлар «Шаффоф қурилиш» платформасида рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтказилмаган уй-жойлар келгусида нотариал идоралар томонидан олди-сотди қилинмайди ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилмайди;
учинчидан, улушли шартнома бўйича келгусида қуриб битказиладиган уй-жойлар бошқа фуқароларга сотилишига ва улушли шартномани гаров предмети сифатида қабул қилишга рухсат берилади;
тўртинчидан, қурувчи томонидан объектни қуриш умумий ҳажмининг камида 30 фоизи ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилганидан сўнг, тижорат банки томонидан қурувчига мақсадли кредит маблағлари ажратилади.
бешинчидан, қурувчиларга лойиҳавий молиялаштириш орқали ажратиладиган кредитларнинг йиллик фоиз ставкаси «эскроу» ҳисобварағида жамланган маблағлар ҳажмидан келиб чиқиб, белгиланади. «Эскроу» ҳисобварағида маблағлар кўпайиши натижасида кредит фоиз ставкасини пасайиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;
Бундан кўзланган асосий мақсад қурувчилар томонидан ҳар томонлама рақобатбардош уй-жойларнинг қурилиши ва потенциал харидорлар рўйхатини қурилиш жараёнида шакллантириш орқали сотилишини рағбатлантиришга қаратилган.
олтинчидан, объектнинг қурилиш-монтаж ишлари ўз вақтида тугалланмаган ҳар бир кечиккан кун учун жарималар жорий қилинади.
Агарда қурилишнинг муддатини узайтириш учун қўшимча муддат керак бўлса, бу бевосита улушдорнинг розилиги билан қўшимча шартнома тузиш орқали узайтирилади.
Мазкур механизм, 2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабрга қадар «эскроу» ҳисобварақлари орқали ҳамда ҳозирда амалда бўлган улушли иштирок этиш тартибида тўғридан-тўғри жалб қилиш механизми бўйича параллель равишда тарафларнинг танловига кўра амалга оширилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб фақат «эскроу» ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
![Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилди](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2022/05/2022-05-23-14.21.46.jpg)
![Ўзбекистоннинг коррупция бўйича рейтингдаги ўрни ўзгаришсиз қолди](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2025/02/kjydkm17392699300096_l.jpg)
![«Чўнтагимда 500 доллар қолган эди» — Uber’да ишлайдиган ўзбекистонлик IT-мутахассис билан суҳбат](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2022/09/img_0883_1661755796.png)
![Ўзбекистоннинг энг кучли 10 банки рейтинги эълон қилинди](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2025/01/photo_2025-01-28_17-40-12.jpg)
![Панама канали атрофидаги баҳслар ва нима учун у Доналд Трампга керак?](https://kommers.uz/wp-content/uploads/2025/02/18.jpg)