
Берти Форбс — Америка бойлигини ўлчаган шотланд
Берти шунчаки журналист эмас эди – у бизнесни тушунарди. Шотландиядан келган ёш йигит АҚШда ўз империясини яратиб, Forbes журналига асос солади. Унинг қарашлари бизнес оламини ўзгартирди, изчил меҳнати эса Форбсни бизнес-журналистиканинг афсонасига айлантирди.

Жанубий Африка томон сузиб кетаётган пароход йўловчилари орасида оддий кийинган, шотландча акцентда сўзлашаётган йигит ҳам бор эди. 1902 йилда Англия-Бур уруши энди якунланган, Жанубий Африкага аскарлар эмас, балки бахт изловчи минглаб одамлар оқиб кела бошлаётганди. Улар орасида Берти Чарлз Форбс ҳам бор эди
Марказий Шотландиянинг Абердинширидан бўлган Форбс коллежни тамомлагач, бир нечта маҳаллий газетада ишлашга улгурганди. Ўша даврда Британия матбуоти жуда катта аҳамиятга эга эди – ҳар бир, ҳатто энг чекка қишлоқ ҳам ўз газетасига эга бўлишга интиларди. Берти Форбс сўзга бўлган туғма диди, ўткир кузатувчанлиги ва кучли энергияси билан тезда матбуотда ўзини намоён қилади. Бироқ у олдида турган чегарани аниқ англаб етган эди. Биринчидан, кичик бир ҳудуд газетаси унинг орзуларига тўғри келмасди, иккинчидан, нуфузли газеталарда ишлаш учун рақобат жуда юқори эди. У даврда Британия ҳаддан ташқари аҳолига тўла зич бўлган.
Шунинг учун асрлар давомида эмиграция Британия фуқаролари орасида кенг тарқалган амалиёт ҳисобланарди. Дунёнинг турли бурчакларига чўзилган Британия империяси турли соҳаларда, жумладан, матбуотда ҳам кўплаб имкониятлар таклиф қиларди. Инглизлар ўз мустамлакалари ҳудудларида газета нашр қилишни биринчи галдаги вазифалардан бири сифатида баҳолар ва бу орқали ўз анъанавий турмуш тарзини сақлаб қолишга ҳаракат қилишарди. Масалан, Редярд Киплинг 1882 йилда, атиги 17 ёшида Ҳиндистонга жўнаб, матбуотда ишлай бошлаган. У етти йил ичида Sivil and Military Gazette ва The Pioneer газеталари орқали шундай шон-шуҳратга эришдики, 1889 йилда Англияга қайтганида у аллақачон машҳур ёзувчи эди.
Эҳтимол, Форбс Жанубий Африкага кетаётганида Киплинг каби машҳурликка эришиш ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин. Аммо уни кўпроқ Уинстон Черчилл илҳомлантирарди. Бўлажак Британия бош вазири Жанубий Африкадаги инглиз-бур урушига ҳарбий мухбир сифатида борган, бу эса унинг сиёсий мартабасига шиддат билан йўл очган эди.
Шу билан бирга, бу пайтда Жанубий Африка бутун дунё эътиборида турарди. Инглиз-бур уруши ҳатто узоқ Россияда ҳам қизғин муҳокама қилинган. Масалан, рус сиёсатчиси Александр Гучков бу урушда бур жангчилари томонида қатнашиш учун ихтиёрий равишда йўл олган, Россия бўйлаб эса «Трансваал, Трансваал, менинг юртим» номли қўшиқ машҳур бўлиб кетган эди.
Ана шу Трансваалга 22 ёшли Форбс ҳам йўл олади. У Жанубий Африканинг энг катта шаҳри бўлмиш Ёҳаннесбургга боради, бу шаҳар Rand Daily Mail газетаси нашр этиладиган ва тез ривожланаётган олтин қазиб олиш маркази эди. Бу ерга бутун дунёдан турли одамлар оқиб келарди – олтин фирибгарлар ва саргузашт изловчиларни ўзига тортарди.
Форбсга омади кулиб боқди – у таниқли британ ёзувчиси ва журналисти Эдгар Уоллес билан бирга ишлашга муваффақ бўлади. Уоллес ўша даврнинг энг сермаҳсул ёзувчиси бўлиб, триллер жанрининг асосчиларидан бири, шунингдек, машҳур Кинг Конг персонажининг яратувчиси эди. У «тез, кўп ва яхши» ёзиш бўйича Форбсга жуда кўп нарсани ўргатади.
Улар Жанубий Африкани деярли бир вақтда тарк этади — Форбс ва Уоллес катта бойлик орттира олишмаган бўлсада, йирик матбуотда, халқаро ва динамик муҳитда иш тажрибасини оширганди. Форбс эса ўз олдига янги мақсад қўяди: у Буюк Британияда эмас, балки ҳақиқий буюк газеталарнинг юраги бўлган мамлакатда, дунёнинг энг қудратли иқтисодий марказида – АҚШда ишлашни истайди.
Шу боис 1904 йил август ойида Форбс Нью-Йорк томон йўл олади. Британлар ва шотландлар ўша даврда кўпроқ Канадага, Австралияга, Янги Зеландияга ёки Жанубий Африкага боришарди. АҚШга боришни эса улар унчалик ёқтирмасди, чунки «янкиларни» содда ва қўпол одамлар сифатида қарашарди. Масалан, Киплинг Вермонт штатида жойлашган, лекин маҳаллий аҳолининг Британияга бўлган салбий муносабатини кўриб, атиги тўрт йил ичида қайтиб кетганди.
Форбс эса АҚШга борган қароридан афсусланмайди. У илк ишини The Journal of Commerce журналида бошлайди, бу икки ҳафтада бир чиқадиган нашр эди. Бу иш уни илҳомлантирмайди, аммо унга замонавий Америка бизнесининг моҳиятини тушуниш имконини беради. У бошқа нашрлар учун ҳам мақолалар ёзиб, иқтисодий мавзуларни қизиқарли услубда ёритадиган етакчи муаллифга айланади.
Америка матбуотида Форбснинг истеъдоди эътибордан четда қолмади. Уилям Ҳурст каби матбуот магнатлари иқтидорли журналистларни ўз газеталари учун жалб қилишга интилишарди. Ҳурст ўз ходимларига рақобатчиларга қараганда кўпроқ ҳақ тўлар ва Форбс ҳам унинг нашрларида бизнес ва молия бўлимига раҳбар бўлади.
Шу билан бирга, Форбс шахсий нашр яратишни орзу қиларди. 1917 йилда АҚШ фуқаролигини олганида, у ўзининг «Forbes» журналини таъсис қилади. Унинг мақсади бизнес ҳақида худди спорт, сиёсат ёки машҳурлар ҳақидаги мақолалар каби қизиқарли мақолалар ёзиш эди.
Журнал тезда муваффақият қозонади. У капитализмнинг мураккаб жиҳатларини оддий ва ҳаяжонли услубда ёритарди. Forbes бизнес лидерларини зерикарли молиячилар эмас, балки қизиқарли шахслар сифатида тасвирларди.
1929 йилги фонд бозорининг қулаши Forbes журнали учун ягона зарба эмасди. Нашр Америка бизнесининг аҳволи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Буюк Депрессия арафасида унга иккита кучли рақиб пайдо бўлганди: медиамагнат Генри Люс томонидан ташкил этилган Fortune ва McGraw-Hill насриёт уйи томонидан чиқарилган Businessweek журнали. Унга қадар, Форбс роппа-роса ўн икки йил давомида рақобатсиз ягона бизнес журнали сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Кейинги йигирма беш йил – Форбс вафотигача бўлган давр омон қолиш даври бўлди. 1930 йилларда Америка иқтисодиёти узоқ муддатли инқирозни бошдан кечирган бир пайтда, бизнес матбуоти ҳам оғир кунларни бошдан ўтказарди. 1940 йилларда ҳарбий буюртмалар кўпайиши натижасида иқтисодий вазият яхшилана бошлайди, аммо ўқувчиларнинг эътибори сиёсий воқеаларга қаратилади. Ҳарбий қаҳрамонлар тадбиркор-қаҳрамонлардан кўра кўпроқ қизиқиш уйғотарди.
Форбс кексайган чоғида ҳам журнал шахсий характерга эга бўлиб қолди, унинг саҳифаларида асосчининг кучли шахси ўз аксини топганди. У бозор талабларига мослашишга қарши туришга ҳаракат қилиб, ўзига хос услубни сақлаб қолишни истарди. Форбс ҳар доим ноодатий ҳаракат қилган – у мустақил нашриёт эгаси бўлсада, барибир Ҳурст учун таҳлилий мақолалар ёзишда давом этади. Шунингдек, оммабоп услубда бир нечта китоблар ёзади, чунки у ҳар қандай имкониятдан даромад олиш керак деб ҳисоблар эди.
1940-1950 йилларда АҚШ иқтисодиёти қайта тиклана бошлайди, аммо Форбс аллақачон кексариб қолганди. У журналини ўғиллари – Брюс ва Малколмга топширади.
Форбс 1954 йил май ойида вафот этганди. У ўз ҳаётининг катта қисмини АҚШда ўтказган бўлсада, дафн этиш учун ўзининг она юрти Шотландияни танлайди. Шу жиҳатдан у яна бир буюк британиялик эмигрант – Чарли Чаплин билан ўхшаш эди.
Бугунги кунда Forbes журнали дунёдаги энг нуфузли бизнес нашрларидан бири бўлиб, у иқтисодиёт, тадбиркорлик, инвестиция ва технология соҳаларидаги энг муҳим янгиликларни ёритади. Унинг аҳамияти қуйидаги жиҳатларда намоён бўлади:
- Бизнес ва инвестиция бўйича ишончли манба – Forbes йирик компаниялар, миллиардерлар ва бозор тенденциялари ҳақида ишончли маълумот беради. Инвесторлар ва тадбиркорлар унинг таҳлилларидан келажак стратегияларини ишлаб чиқишда фойдаланишади;
- Дунёдаги энг нуфузли рейтинглар – журнал дунёга машҳур Forbes 400, Billionaires List, Under 30 каби рейтингларини эълон қилади, бу рўйхатлар тадбиркорлар ва бизнес соҳасида ютуқларга эришган шахслар учун катта эътибор марказида туради;
- Эркин бозор ва капитализм тарғиботчиси – Forbes капиталистик қадриятларни илгари суради ва тадбиркорликнинг ижтимоий тараққиётдаги ўрнини ёритиб боради;
- Таҳлилий мақолалар ва эксперт фикрлари – журнал иқтисодий ўзгаришлар, инновациялар ва глобал тенденциялар ҳақида чуқур таҳлилий мақолалар чоп этади, бу эса бизнес раҳбарлари, сиёсатчилар ва тадқиқотчилар учун муҳим йўналишларни белгилашга ёрдам беради;
- Технологик тараққиёт ва инновацияларни ёритиш – Forbes янги технологиялар, стартаплар ва рақамли трансформация жараёнларини фаол кузатиб боради, бу эса замонавий бизнес дунёсида рақобатбардошликни оширишга ёрдам беради.





