
Ўзини ўзини банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари қисқаради
2026 йил 1 январдан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари сони 104 та банддан 72 тагача қисқаради. Сартарошлик, фото-видео хизматлари, автомобил таъмирлаш, деҳқон бозорларида савдо қилиш, ширинлик ва салат тайёрлаб сотиш, репетиторлик каби 34 тоифадаги фаолият турлари рўйхатдан чиқарилади.

19 март куни “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори имзоланди.
Тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида, 2025 йил 1 майдан эътиборан, ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати амалдаги 104 та банддан 72 тагача қисқаради.
Қуйидагилар рўйхатдан чиқарилади:
- 1. Уйда ёки давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари хоналарида репетиторлик қилиш — болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ҳамда гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш
- 2. Хоналарни тозалаш, жисмоний шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш
- 3. Уйда жисмоний шахсларнинг мебелларини таъмирлаш ва йиғиш
- 4. Жисмоний шахсларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафел териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари);
- 5. Жисмоний шахсларнинг шахсий автомобилларини майда таъмирлаш, уларга аксессуарлар ва автосигнализация ўрнатиш, ғилофлар ва пол қопламаларини тикиш
- 6. Макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хомашё тўплаш
- 7. Ёғоч меъморчилиги (болалар майдончалари ва парк зоналари учун ёғочдан ясалган қурилмалар, ҳайкаллар)
- 8. Металл таъмирлаш ишлари (уйда амалга ошириладиган маиший металл буюмларини таъмирлаш (калитларнинг дубликатларини тайёрлаш, соябонларни таъмирлаш, бошқа маиший металл буюмларини оддий таъмирлаш)
- 9. Уйда попкорн, фрезерда музқаймоқ тайёрлаш ва сотиш
- 10. Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш
- 11. Газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш
- 12. Сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр хизматлари
- 13. Косметолог хизматлари ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар
- 14. Уйда кир ювиш ва дазмоллаш хизматлари
- 15. Тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереяси буюмларини таъмирлаш, аҳолининг якка тартибдаги буюртмаси бўйича тикув ва трикотаж буюмларини, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереяси буюмларини тикиш
- 16. Газламаларга нақшлар солиш (газламалар ва кийим ашёларини қўлда бўяш, газламаларга, шу жумладан трафаретли босма ва қўлда расм чизиш усули билан расмлар солиш)
- 17. Якка тартибда дераза ва эшик пардаларини тикиш ва таъмирлаш, каштачилик
- 18. Галантерея буюмларини тайёрлаш ва таъмирлаш
- 19. Бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш
- 20. Гулчамбарлар (шу жумладан, мотам гулчамбарлари), сунъий гуллар, икебана, гул маржонларини тайёрлаш
- 21. Тўсиқлар, ҳайкаллар, металлдан ясалган гулчамбарларни тайёрлаш ва таъмирлаш
- 22. Аквариум балиқлари, декоратив қушлар ва бошқа ҳайвонларни кўпайтириш ва сотиш
- 23. Видео ва фотосуратга олиш хизматлари
- 24. Қадоқлаш ускуналаридан фойдаланмаган ҳолда уй шароитида миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотларини тайёрлаш ва сотиш
- 25. Салатлар ва тузламаларни тайёрлаш ва сотиш, шунингдек, уй шароитида доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва ўтириш жойларини ташкил этмасдан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда сотиш
- 26. Уйда қуйиб сотиш учун салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда қурт тайёрлаш ва сотиш
- 27. Тўгараклар ташкил этиш ва юритиш
- 28. Гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш ва сотиш (шу жумладан, бонсай санъати)
- 29. Реклама буклетларини тарқатиш, уйда операторлар томонидан буюртмалар қабул қилиш
- 30. Муқовалаш ишлари
- 31. Гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар хизматлари
- 32. Матнни яратиш ва ишлов бериш (копирайтер, рерайтер, SEO-копирайтер, SEO-рерайтер, мусаҳҳиҳ, контент-менежер, муҳаррир, e-mail орқали хатларни жўнатиш бўйича мутахассис, спичрайтер, транскрибер ва бошқалар)
- 33. Риелторлик хизматларини кўрсатиш (ижарага уй-жой топишда, шунингдек, уй-жой сотиб олишда ёрдам бериш)
- 34. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маҳаллаларда йиғиш ва фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш
2026 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатга қуйидагилар қўшилади:
- электрон савдо майдончаларида товар ва хизматларнинг чакана савдоси;
- номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно);
- уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш.
Шу тариқа, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхати келаси йилдан эътиборан қуйидагича бўлади:
- 1. Болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар
- 2. Оилавий болалар уйини ташкил этиш ва фаолиятини юритиш
- 3. Беморлар ҳамда доимий равишда ўзгалар парваришига муҳтож кекса кишиларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар
- 4. Уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш
- 5. Жисмоний шахсларнинг сантехника ускуналарини майда таъмирлаш ва ўрнатиш
- 6. Жисмоний шахсларга квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида — уй ичида) электр монтаж хизматлари кўрсатиш (электр хавфсизлиги бўйича рухсати бўлганда)
- 7. Деҳқон хўжаликлари ва фуқароларнинг томорқа ер участкаларида ер чопиш ва рекултивация ишлари
- 8. Фермер хўжаликлари эгалари, пилла етиштириш ва ипак қурти уруғчилиги ташкилотлари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, ипак қуртини ва ҳайвонларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиш, тут кўчатларини экиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари)
- 9. Фуқароларнинг далаҳовли ва томорқа участкалари ландшафтини барпо этиш ишлари
- 10. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари эгаларига ёрдам бериш
- 11. Чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, шу жумладан, уруғлантириш, қўзилатиш, қирқиш ва дағал хашак жамғариш ишлари
- 12. Жисмоний шахсларга компютерларни таъмирлаш ва созлаш хизматларини кўрсатиш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш ишлари
- 13. Буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани ўрнатиш ва таъмирлаш
- 14. Жисмоний шахсларнинг автомобилларини ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш
- 15. Механизация воситаларини қўлламай, уйда бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари
- 16. Халқ табобати (лицензияси бўлганда)
- 17. Хусусий шахсларга бош хизматкор ва консъерж хизматларини кўрсатиш
- 18. Буюртма асосида товарларни етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно)
- 19. Бозорлар ва савдо комплексларида майда юкларни араваларда ташиш
- 20. Илгари фойдаланилган товарларни сотиб олиш ва сотиш
- 21. Велосипедларни таъмирлаш
- 22. Рассомлик
- 23. Аҳолининг якка тартибдаги буюртмалари бўйича пойабзал тикиш, пойабзални таъмирлаш, бўяш ва тозалаш
- 24. Калитлар тайёрлаш
- 25. Ўлчов воситалари тайёрлаш ва ижарага бериш
- 26. Кесувчи буюмлар ва асбобларни чархлаш
- 27. Мусиқий асбобларни таъмирлаш ва созлаш
- 28. Миллий нон ва патирларни тайёрлаш ва сотиш
- 29. Тулумни шишириш хизматлари (таксидермик ишлар)
- 30. Намойишларда кийимлар моделини намойиш қилиш, расмли журналларда, реклама филмлари ва видеоклипларда суратга тушиш
- 31. Мултимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш (веб-дизайнер, графика дизайнери, компютер ўйинлари дизайнери, интеръер дизайнери, ландшафт дизайнери, либослар дизайнери, ретушер, фотоколлажчи, вектор графикаси муҳаррири, архитектор, визуаллаштирувчи дизайнер, маълумот дизайнери, интерфейс дизайнери, техник дизайнер, моушн-дизайнер, баннер ясовчи, нашриёт дизайнери, флешер, 3D-дизайнер, видеомуҳаррир, видеооператор, бастакор, овоз режиссёри, аранжировкачи, сухандон, фотомуҳаррир ва бошқалар)
- 32. Дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш (дастурчи, дастурий таъминотни синовчи мутахассис, веб-саҳифаларни саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, веб-сайтларни оптимизациялаш бўйича мутахассис)
- 33. Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш
- 34. Ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менеджер, интернет– маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси)
- 35. Кадрлар танлаш соҳасидаги фаолият (интернет-лойиҳалар билан ишловчи менежер, фрилансерлар гуруҳи раҳбари, HR-менежер, рекрутер, шахсий ассистент)
- 36. Онлайн консулбтация бериш (онлайн-консултант, онлайн-тренер, молиявий маслаҳатчи, вебинар олиб борувчи)
- 37. Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно)
- 38. Уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш
- 39. Ҳамширалик иши
- 40. Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати
- 41. Автомобил бозорларида воситачилик хизмати
- 42. Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати
- 43. Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш)
- 44. Тош ва тош махсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш
- 45. Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш
- 46. Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш
- 47. Кулолчилик
- 48. Киберспорт фаолияти
- 49. «Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг стипендияси» тайинланган спортчилар фаолияти
- 50. Тери хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш
- 51. Жунни йиғиш ва тайёрлаш
- 52. Қайта ишланган жундан кийим ва бошқа маҳсулотларни тикиш
- 53. Уйда лойдан тандир ясаш
- 54. Атлас ва адрас тўқиш
- 55. Майда мунчоқ (бисер) тикиш
- 56. Дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш
- 57. Темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш
- 58. Асаларичилик, шунингдек, асалари уяси ва рамкаларини ясаш
- 59. Қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш
- 60. Қўзиқоринларни териш, уй шароитларида етиштириш ва сотиш
- 61. Пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш
- 62. Қоғоздан қутилар, бандероллар тайёрлаш
- 63. Уй шароитида иссиқхона маҳсулотларини етиштириш
- 64. Тайёр маҳсулотга этикетка бириктириш
- 65. Уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш
- 66. Уй шароитида супурги етиштириш ва тайёрлаш
- 67. Ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш
- 68. Миллий тақинчоқлар ясаш
- 69. Кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш
- 70. Дағал жундан гилам, кўрпа ва ёстиқ тайёрлаш
- 71. Артемия цисталарини йиғиш ва топшириш
- 72. Енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш (лицензия варақаси бўлганда).




