2025 йилда банкоматлардан пул ечишда 290 мингта муаммоли ҳолат кузатилган
2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, мамлакатда 42 мингдан ортиқ банкомат ва инфокиосклар ўрнатилган. Ҳар 100 минг аҳолига 55 та шундай қурилма тўғри келади. Таққослаш учун, Грузияда бу кўрсаткич 108, Россияда 105, Японияда 103 тани ташкил этади.
2025 йилда Ўзбекистон аҳолиси банкоматлардан нақд пул ечиб олишда 290 минг марта носозликларга дуч келган. Бу ҳақда 18 май куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, мамлакатда 42 мингдан ортиқ банкомат ва инфокиосклар ўрнатилган. Ҳар 100 минг аҳолига 55 та шундай қурилма тўғри келади. Таққослаш учун, Грузияда бу кўрсаткич 108, Россияда 105, Японияда 103 тани ташкил этади.
Сенаторнинг таъкидлашича, молиявий хизматлар қамрови кенгайганига қарамай, соҳада фуқаролар эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, нақд пул ечиш вақтида картанинг банкоматда қолиб кетиши, маблағ ҳисобдан ечилгани ҳолда пул берилмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда.
«Энг ёмони, минглаб одамлар банкоматда нақд пул ечишдаги техник носозликлар сабаб ҳафталаб оворагарчиликка дуч келмоқда. Шу билан бирга, уларнинг муаммосини тезкор ҳал қилиш механизмлари амалда жорий этилмаган», — деди Қутбиддин Бурхонов.
Сенатор асосий муаммо бундай ҳолатлар сонида эмас, балки уларни тезкор ҳал қилиш механизмлари йўқлигида эканини таъкидлади.
«Ҳа, бугун банкоматлар кўп, улардан фойдаланувчилар сони ҳам жуда катта. Аммо асосий муаммо шундаки, ушбу 290 минг ҳолат бўйича мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари юзасидан пул маблағларини тезкор қайтариш ва пластик картани банкоматдан қисқа вақт ичида олиб беришга хизмат қилувчи сервис тизими йўлга қўйилмаган», — деди Қутбиддин Бурхонов.
Унинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар бўйича фуқароларнинг банкларга мурожаатлари одатда 1 кундан 15 иш кунигача кўриб чиқилади. 2025 йилда банкоматлар орқали операциялардаги турли носозликлар бўйича келиб тушган 290 минг мурожаатнинг 97 мингтаси икки иш куни ичида, 22 мингтаси 4−6 иш кунида, 9700 таси 7−15 иш кунида, қарийб 10 мингтаси эса 15 кундан ортиқ муддатда кўриб чиқилган.
«Энди тасаввур қилинг: инсонга маҳсулот ёки дори олиш учун зудлик билан банкоматдан 500 минг сўм ечиб олиш керак, аммо у ўз муаммоси банк томонидан ҳал этилишини 15 кунгача кутиб ўтиришга мажбур. Буни қандай изоҳлаш мумкин?» — деди Қутбиддин Бурхонов.
Сенатор шунингдек маълум қилишича, кўплаб фуқаролар муаммони тез ҳал қилиш мақсадида ички ишлар органларига — 102 тизимига мурожаат қилишмоқда. 2024&минус;2025 йиллар ва 2026 йилнинг биринчи чораги давомида банкоматлар фаолияти билан боғлиқ 3100 та мурожаат қайд этилган.
«Яъни ички ишлар органлари жиноятчиликни жиловлаш вазифалари билан бир қаторда, банкоматда қолиб кетган картани олиб бериш каби муаммоларни ҳал этишга ҳам жалб этилмоқда», — деди Қутбиддин Бурхонов.
Унинг таъкидлашича, 290 мингта ҳолат масъул идораларни жиддий ўйлашга ундаши керак. Сенатор Марказий банк яқинда банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича тижорат банкларига тавсиялар берганини, аммо бу етарли эмаслигини қайд этди.
«Аҳоли кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган бу муаммо ҳисобга олинганда, бу йўналишда қаттиқ чоралар кўрилиши керак. Марказий банк бу жараёнда асосий етакчи бўлиши лозим», — деди у.
Сенатор банклар масъулиятини ошириш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қонун билан белгилаш ҳамда фуқаролар маблағини тезкор қайтариш механизмларини жорий этишга чақирди.
У, шунингдек, Марказий банк раҳбариятидан келаси ҳафта Сенатга тақдим этиладиган ҳисоботда ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларига алоҳида эътибор қаратишни сўради.
«Энг муҳими — фуқароларимиз банк тизимидаги муаммолар туфайли жабр чекмаслиги керак, ички ишлар органлари эса ўзининг асосий вазифаси — жиноятчиликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратиши лозим», — деди Қутбиддин Бурхонов.
