
Марказий банк кредит олувчилар учун чек-лист жорий этишни таклиф қилмоқда
Мазкур чек-лист банк муассасасида кредит расмийлаштирилаётганда — қоғоз шаклида қарз олувчига тақдим этилади. Қарз олувчи чек-листдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганлигини махсус белги билан белгилайди ҳамда чек-листни қўлда имзо қўйиб тасдиқлайди.

Марказий банк мижозлар билан муносабатлар соҳасида банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Жисмоний шахслар учун кредит олишда мажбуриятлар билан боғлиқ хатарлар кўрсатиладиган чек-листларни жорий этиш таклиф этилмоқда. Банк қарз маъқуллангандан сўнг, аммо мижоз билан кредит шартномаси тузилгунга қадар чек-лист тақдим этиши керак бўлади.
Қарз олувчи барча бандлар билан танишиб чиқиши ва уларга розилигини тасдиқлаши керак бўлади. Тўлдирилган чек-листсиз кредит шартномасини имзолашга йўл қўйилмайди.
Ҳужжатда тўртта шарт тушунтиришлар билан санаб ўтилади:
- кредит — бу харажат;
- кредитни қайтариш жадвалини диққат билан ўрганиб чиқдим;
- даромадларим кредит тўловларини тўлаш имконини беради;
- кредит тўловларини кечиктириш оқибатларидан хабардорман.
Мазкур чек-лист банк муассасасида кредит расмийлаштирилаётганда — қоғоз шаклида қарз олувчига тақдим этилади. Қарз олувчи чек-листдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганлигини махсус белги билан белгилайди ҳамда чек-листни қўлда имзо қўйиб тасдиқлайди.
Масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кредит расмийлаштирилаётганда эса қарз олувчи чек-листдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганлигини маҳсус электрон белги билан белгилайди ҳамда чек-листни тасдиқлаш тугмасини босади.
Бунда барча белгиларни қўйиш ва тасдиқлаш тугмасини босиш факти банкнинг автоматлаштирилган тизимида сана, вақт, IP-манзил ва қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчи) идентификаторларидан бирини кўрсатилган ҳолда қайд этилиши лозим.
Бундан ташқари, Марказий банк банкларга кредит параметрлари, жумладан, олувчининг миқдори, муддати ва даромадлари тўғрисидаги маълумотларни мобил иловаларга автоматик равишда юклашни тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Мижознинг розилигини ифодаловчи «стандарт» белгилар ва бошқа тугмаларни ўрнатиш тақиқланади. Шартнома (оферта) шартларини ўқишда қабул қилиш тугмаси мижоз томонидан ҳужжат охиригача варақлангандан кейингина фаоллашиши керак.
Шунингдек, банклар қарз олувчининг молиявий қийинчиликлари, мураккаб ҳаётий вазияти ёки форс-мажор ҳолатлари туфайли кредит шартномаларини ўзгартириш ва кредитларни реструктуризация қилиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш тартибини тасдиқлаши керак бўлади. Ҳужжат банкнинг веб-сайтида жойлаштирилиши керак.




