
Нейротармоқлар иши: сунъий интеллект меҳнат бозорини қандай ўзгартирмоқда?
Машиналар одамлар ўрнини эгаллайди. Бундай фантастик сюжетнинг реаллиги ҳақида футурологлар ўнлаб йилладан бери баҳслашиб келади. Айримлар иқтисодиёт ўсишини ва эскиликдан воз кечишни башорат қилса, бошқалар оммавий ишсизлик хавфи ҳақида огоҳлантириб келади. Хўш, аслида бизни нима кутмоқда?

Яқин-яқингача оптимистик прогнозлар устун эди. 2020 йили Жаҳон иқтисодий форуми экспертлари 2025 йилга бориб инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги ҳамкорлик туфайли 97 миллион янги иш ўрни пайдо бўлишини башорат қилган эди. Башорат муаллифлари роботлар жисмоний оғир вазифаларни ўз зиммасига олиши, ҳайдовчилар, машинистлар, call-марказ операторлари ўрнини алмаштиришини тахмин қилганди.
Аммо генератив сунъий интеллект — айнан у ChatGPT’нинг асосида ётади — пайдо бўлиши билан технологик муҳитда хавотир ортди. Tesla, SpaceX ва X (собиқ Twitter) раҳбари Илон Маск ҳамда Apple ҳаммуассиси Стив Возняк каби миллиардерлар 2023 йил март ойида технологияларнинг ривожланишини тўхтатишга чақирувчи очиқ хатни имзолаган эди. Ҳат муаллифлари сунъий интеллект тарғибот воситаси сифатида ишлатилиши, цивилизация устидан назоратни ўз қўлига олиши ва инсонга зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда (шунга қараман Илон Маскнинг ўзи яқинда «энг ақлли» деб таърифланган Grok сунъий интеллектини тақдим этди).
Технологиялардан узоқ бўлган одамлар ҳам хавотир билдирмоқда. Сунъий интеллект шундай даражада ривожландики, у инсонни ижодий соҳаларда ҳам ортда қолдира бошлаши мумкин. Бу эса бевосита ижодий касб эгалари учун хавф солади. Масалан, Голливуд сценаристлари — улар 2023 йилда киносаноатда нейротармоқлардан фойдаланишга қарши норозилик намойишлари орқали курашишга мажбур бўлганди. Сценаристлар ўз мақсадларига эришди, студиялар уларга имтиёз беришга мажбур бўлди. Бироқ СИ-революцияни эндиликда тўхтатиб бўлмайди.
Келажак ноаниқ бўлса-да, бир нарса аниқ: замонавий технологиялар туфайли деярли ҳар бир касб трансформация жараёнидан ўтади. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект 95 фоиз соҳаларга жорий этилади. Янги дунёда ўз ўрнини йўқотмаслик ва меҳнат бозори етакчиларидан орқада қолмаслик учун СИ билан ишлаш кўникмасини ўзлаштириш ва нейротармоқлар берган имкониятлардан фойдаланиш керак. Бу эса турли соҳаларда катта имкониятлар яратади.
Тиббиёт: шикоятларни таҳлил қилиш ва ташхис қўйиш
Нейротармоқлар шифокорларга касалликларни аниқлашда фаол ёрдам бермоқда. Масалан, тиббиётда СИ қўллаш пионерларидан бири бўлган DeepMind тадқиқот лабораторияси буйрак етишмовчилиги ва кўриш патологияларини аниқлашда ёрдам берувчи илова ишлаб чиқди. Бу иловалар жаҳон миқёсида кенг тарқалмаган бўлса-да, соҳа учун улкан илғор ютуқ бўлди.
Google таркибига киргач, DeepMind корпорациянинг CИ йўналишини янада кучайтирди ва бу ўз самарасини берди: 2024 йил март ойида компания Med-Gemini — тиббий тил модели ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. У ЭКГ, рентген тасвирлари ва тиббий карталарни таҳлил қила олади. Ҳисоботларга кўра, бир тест синовида моделнинг аниқлиги 91 фоизни ташкил этган. Шифокорлар унинг жавобларини яхши деб баҳолаган, баъзи ҳолатларда эса инсон хулосаларидан ҳам устун деб топган.
Бироқ бу келажак ҳақида — ҳозирча Google’нинг тиббий модели такомиллаштиришга муҳтож, ва буни компаниянинг ўзи ҳам тан олади.
Молия: прогнозлаш ва компанияларнинг ишончлилигини баҳолаш
Нейротармоқлар молиявий таҳлилчиларнинг ишини ҳам анча осонлаштирмоқда. 2010-йиллар ўрталарида инвестиция бозорини Kensho лойиҳаси ларзага солган эди: унинг алгоритмлари қонунлар ўзгариши, компаниялар баёнотлари ёки сиёсий воқеалар каби турли омилларнинг активлар нархига таъсирини бир неча сония ичида ҳисоблаб чиқиш қобилиятига эга бўлган.
Масалан, алгоритм Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши (Brexit) ортидан фунт стерлингнинг кескин пасайиши ва унинг узоқ давом этган тикланиш жараёнини аниқ башорат қилган. Шунингдек, у АҚШда пўлат ва алюминий импортига божхона тўловлари жорий этилгандан сўнг, металлургия компанияларининг фонд индекслари пасайишини ҳам олдиндан ҳисоблаб чиққан.
2018 йилда S&P Global рейтинг агентлиги Kensho стартапини 550 миллион долларга сотиб олишини эълон қилади, бу ўша пайтда сунъий интеллект соҳасидаги энг йирик битимлардан бири бўлган. Натижада, бу технологиялар ҳозирда Уолл-стритдаги энг йирик маълумотлар тизимларидан бирига интеграция қилинган.
Ҳозир Kensho нейротармоғи кенг омма учун очиқ эмас, аммо бозор таҳлили учун бошқа бир платформа — AlphaSense — барча хоҳловчилар учун мавжуд. 2023 йилда бу илғор стартап 2,5 миллиард долларга баҳоланган. СИ-платформа компаниялар, уларнинг даромадлари ва баёнотлари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади, брокерларнинг ишончлилигини баҳолайди ва молиявий тавсиялар билан қисқа ҳисоботлар тайёрлайди. Инвесторлар бу тавсияларга таянишлари мумкин.
Транспорт ва логистика: харажатларни оптималлаштириш ва юкларни кузатиш
Сунъий интеллект ишни енгиллаштираётган соҳалар орасида транспорт ва логистика ҳам бор. Масалан, Route4Me платформаси маршрутларни оптималлаштиришга ёрдам беради: фойдаланувчи фақат манзиллар рўйхатини киритса бас, сервис энг мақбул йўналишни батафсил ҳисоблаб беради. Бу вақтни тежаш, кўпроқ буюртма қабул қилиш ва ёқилғи харажатларини камайтириш имконини яратади — курьерлар, ҳайдовчилар, юк ташувчилар ва сафарларга боғлиқ касб эгалари учун жуда фойдали восита.
Бундан ташқари, сунъий интеллект таъминот занжирларини бошқаришда ҳам фаол қўлланилмоқда. McKinsey консалтинг компанияси ҳисоботларига кўра, СИдан фойдаланиш логистика харажатларини 15 фоизга камайтириши ва хизмат кўрсатиш даражасини 65 фоизга яхшилаши мумкин.
Нейротармоқлар юкларнинг жойлашувини батафсил кузатиш ва етказиб бериш муддатларини аниқроқ башорат қилиш имконини беради. Бу соҳадаги энг машҳур лойиҳалардан бири — ClearMetal. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган бу платформа улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаб, юборилган юклар ҳолати ҳақида реал вақт режимида маълумот тақдим этади. Бу юборувчиларга юкларнинг ҳаракатини яхшироқ назорат қилиш ва кечикишларни олдиндан башорат қилиш имконини яратади.
Маркетинг ва реклама: видео таҳлили ва «ақлли» аналитика
Сунъий интеллект кенг қўлланилаётган яна бир йирик соҳалардан бири — маркетинг. Бу ерда фақат ChatGPT ёрдамида матнлар ёзиш ёки Midjourney орқали расмлар генерация қилиш билан чекланиб қолинмайди. Нейротармоқлар видеоларни таҳлил қилиш ва яратиш, таргетингни созлаш, тақдимотлар тайёрлаш каби вазифаларни ҳам уддалай олади — ва бу фақат айсбергнинг учи, холос.
Маркетингда қўл келадиган СИ-платформалардан бири — Vizard. У узун видеоларни таҳлил қилиб, энг қизиқарли лавҳаларни ажратиб олади ва қисқа клиплар яратишга ёрдам беради. Шунингдек, сервис видеоларга субтитрлар қўшиши ва ижтимоий тармоқларда нашр қилиш учун оригинал сарлавҳалар таклиф қилиши мумкин.
Таълим: индивидуал ўқув йўналишлари ва уй вазифаларини текшириш
Сунъий интеллектни энди энг оддий ўқув воситаларидан ҳам топиш мумкин. Масалан, чет тилларни ўрганиш учун Duolingo сервисида GPT-4 асосидаги нейротармоқ имкониятларини ўз ичига олган премиум обуна пайдо бўлган. Ушбу функция фойдаланувчиларга бот билан мулоқот қилиш, жавобларига баҳолар олиш ва қўшимча мисоллар орқали материални яхшироқ ўзлаштириш имконини беради.
Бундай воситалар таълим соҳасида катта истиқболларга эга: улар ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини яхшироқ ҳисобга олиб, ўқув жараёнини интерактив ва қизиқарли қила олади.
Шунингдек, нейротармоқлар ўқитувчиларнинг энг кўп вақт талаб қилувчи ишларидан бири — уй вазифаларини текширишни ҳам ўз зиммасига олмоқда. Масалан, Gradescope платформаси ўқувчиларнинг жавобларидаги хатоларни топишга ёрдам беради. Бундан фойдаланиш учун ўқитувчи дастурга топшириқни таништириши, ишларни тизимга юклаши ва тўғри жавобларни кўрсатиши кифоя. Кейинроқ, платформа барча ўқувчилар бўйича умумий статистикани тақдим этади, бу эса ўқитувчиларга қайси мавзуларга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.
Яна қайси соҳаларда нейротармоқлар меҳнат бозорини ўзгартиради?
Нейротармоқлар нафақат мавжуд касбларни трансформация қилади, балки янги мутахассисликларни ҳам яратади. Яқин келажакда меҳнат бозорида СИ бошқарувчилари ва уни ўргатувчи мутахассислар пайдо бўлади. Улар қаторига қуйидагилар киради:
- Промпт-инженерлар – нейротармоқлар учун тўғри сўровлар (запрослар) тузиш бўйича мутахассислар;
- AI-тренерлар – СИ жавобларини таҳрирлаб, уни тўғри ва саводли жавоб беришга ўргатувчи мутахассислар;
- Этика бўйича экспертлар – алгоритмлар ишлашининг ахлоқий томонларини таҳлил қилувчи мутахассислар.
Сунъий интеллект кундан-кунга одамлар ҳаётига чуқурроқ кириб бормоқда ва энг оддий фойдаланувчилар учун ҳам тушунарли воситага айланмоқда.
Меҳнат бозорининг асосий талаблари – мослашувчанлик, янги нарсаларни ўрганишга тайёрлик ва касб танлашда жасорат. Агар одам технологияларга мослашиш ва ўзгаришларга тайёр бўлса, у ишсиз қолмайди. Чунки малакали мутахассислар ва ноёб компетенцияларга эга бўлганлар доимо талабда бўлади.




