Остин Расселл — Стенфордни ташлаб, дунёдаги энг ёш миллиардерга айланган йигит тарихи
Остин Расселл, вундеркинд, муҳандис ва ўзининг технологик ҳамда ишлаб чиқариш стартапи Luminar Technologies орқали 25 ёшида миллиардерга айланган инсон. Агар мерос ҳисобига бойиганлар инобатга олинмаса, у — бутун дунёда шундай ёшда долларли миллиардерга айланган ўнлаб одамлардан бири. Forbes журнали уни Кремний водийси юлдузларининг янги авлоди деб атайди ва буюк келажакни башорат қилади.

«Унинг болаликдаги онги шунчалик кенг ва тез эдики, доим 50 та ғояни бир вақтнинг ўзида ўйлаб юрарди. Мен баъзан ўйлардим: у шулардан ҳеч бўлмаса биттасини охиригача етказа оладими?» — дея эслайди Расселлнинг мактабдаги физика ўқитувчиси Тони Жордан.
Остин Расселл 1995 йил 14 март куни Тинч океани бўйида жойлашган, гўзал ва бой шаҳарча — Ньюпорт-Бичда туғилган. Бу шаҳар Лос-Анжелесдан ҳам атиги 56 км узоқликда жойлашган ва у ердаги ёшларнинг асосий қизиқишлари — сёрфинг, пляж волейболи, қайиқлар ва Голливудга киришга уринишлардир. Лекин бизнинг қаҳрамонимиз болалигиданоқ Калифорниянинг бошқа томонига қизиқиб келган.
Остиннинг ота-онаси IT, фан ёки муҳандислик соҳалари билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг отаси — Майкл Расселл, кўчмас мулк агентлигида ишлайди, онаси Шеннон эса ўтмишда модель бўлган. Аммо, унинг авлодлари орасида ихтирочилар бор. Отасининг бобоси электр ётоқ кўрпасини ихтиро қилган, онасининг отаси эса халқаро даражадаги Riverside автопойга трассасини қурган. Шунинг учун, Остин икки ёшидаёқ Менделеев жадвалини осонликча ёдлаб, математик қобилиятлари ва илмий қизиқувчанлиги билан ҳаммани ҳайратга солганида, улар унчалик ҳайрон қолишмаган. Боланинг зеҳнини ривожлантириш мақсадида уни яхши хусусий мактабга беришга қарор қилишган.
6-синфда вундеркинд ота-онаси унга телефон олиб бермагач, Nintendo DS ўйин приставкасидан мобил телефон ясайди ва ундан мактаб автобусида туриб уйига қўнғироқ қилади.
«Ота-онам шок ҳолатида эдилар. Мен эса жуда хурсанд эдим, чунки ҳаммаси режадагидек амалга ошди», — дейди Расселл.
Ўша пайтда у оилавий гаражга теннис столи олиб кириб, уни техник лабораторияга айлантиради, турли тажрибалар ўтказади ва деярли ўша ерда яшай бошлайди. Машиналарни эса кўчада сақлашга тўғри келарди.
13 ёшида Остин биринчи патент аризаларини топширади: боғдорчиликда фойдаланиш учун ёмғир сувини ер остида қайта айлантириш тизими ва проекцион қурилмали уч ўлчамли термовизор. Аммо энг кўп уни оптика, фотоника ва лазер технологиялари қизиқтира бошлаганди. У ўрта мактабда ўқир, лекин деярли бутун бўш вақтини Калифорния университети Ирвайн шаҳридаги Beckman Laser Institute – тажрибага асосланган илмий марказда ўтказарди. Бу жой уйидан тахминан бир соатлик масофада жойлашган эди.
Бир куни Остин мактабга ўз қўли билан ясаган голографик клавиатура олиб келади ва шу орқали конспект тайёрлайди. Робототехника бўйича миллий чемпионатда у округ жамоасига раҳбарлик қилади. 2013 йили маҳаллий Orange County Register журнали у ҳақида мақола ёзади ва Остинни “мактабнинг энг яхши битирувчиси” деб атайди.
Остинни Стэнфорд университети, аниқроғи, амалий физика факультети кутарди, лекин у бу ерда узоқ қолмаслигини биларди. Илмий карьера уни қизиқтирмасди, чунки у керакли маълумотларни китоблар ва интернет орқали мустақил равишда ўрганарди. Унинг айтишича, кунига бир неча юзта мақолани ўқиб чиқиб, барчасини “ахборот-губка” каби эслаб қолиши мумкин. Остин университетга асосан ота-онасини тинчлантириш ва Питер Тильнинг стипендиясини олиш учун кирган — у ўз бизнесини бошлашни жуда истарди. Ахир у 14 ёшидан бошлаб лидар технологиясини мустақил ўргана бошлаган ва унинг вақти келган деб ҳисоблаган.
Лидар нима?
Лидар технологияси — бу объектгача бўлган масофани ўлчаш учун ёруғлик импулсларидан фойдаланиш усули. Бу технология илк бор 1960-йилларда ишлаб чиқилган ва унинг номи “light” (ёруғлик) ва “radar” (радар) сўзларидан келиб чиққан.
Нима учун у ҳозир талабга эга? Лидарлар орқали атроф-муҳитнинг 3D харитасини реал вақтда яратиш мумкин. Бу — автоном аппаратлар, айниқса, ўзини ўзи бошқарувчи автомобиллар учун зарур шарт.
Илгари ҳам лидарлар қўлланилган, лекин улар катта, қиммат ва ҳаммасига мос келмайдиган бўлган. Расселлнинг стартапи айнан шу ғояга асосланган: у ўзининг “гараж лабораторияси”да лидар датчикларини кичик, арзон ва сезгирроқ қилиш усулини ўйлаб топган.
Шунинг учун у Thiel Fellowship стипендия танловига ўз лойиҳасини топширади ва 100 минг долларлик грантни ютиб олади. Ҳисоб-китоблар аллақачон тайёр бўлгани учун, фақат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қолган эди. Остин Стэнфордни биринчи курснинг ярмидаёқ ташлаб, 17 ёшида Luminar Technologies Inc. компаниясини асос солади.
Luminar компанияси 2012 йили расмий рўйхатдан ўтказилган. Остиннинг ҳаммуассиси ва техник директори Жейсон Эйхенгольцдир — у ҳам муҳандис ва NASA’нинг собиқ ходими. Штаб-квартира Пало-Альтода жойлашган, ишлаб чиқариш ва тажриба ишлари учун эса Флорида штати Орландо шаҳридаги собиқ танк таъмирлаш заводи ижарага олинган. Бу жой тасодифан танланмаган — атрофда аэрокосмик ва мудофаа саноати корхоналари жойлашган, шунингдек, Флоридадаги марказий университет оптика ва фотоника соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлайди.
Албатта, Luminar лидарлар билан шуғулланадиган ягона компания эмас. Аммо Остин Расселлнинг айтишича, уларнинг технологиялари Velodyne, Ibeo ва Quanery каби рақобатчиларникидан фарқ қилади — чунки улар яратиб чиққан датчиклар аниқлиги ва кўриш масофаси бўйича устунроқ. Luminar’нинг лидар блоги ҳатто 200 метр масофада қора рангли объектни ҳам фарқлай олади, бошқалари эса бор-йўғи 35 метрдан. Бу фарқ хавфсизлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга ва ҳайдовчига манёвр учун бир неча сония вақтини беради.
Дастлабки партиядаги ускуналар туфли қутисичалик катта бўлиб, уларни машина томига ёки олдинги қанотига ўрнатиш керак эди. Лекин муҳандислар ва дастурчилар доимий равишда датчиклар устида ишлашда давом этади. Компания 2000 дан ортиқ эксперимент ва модернизацияни амалга оширган.
Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, Luminar’нинг сўнгги моделли лидарларини радиатор панжарасига ёки фара ичига жойлаштириш мумкин. Автономия даражаси юқори бўлган автомобиллар учун Iris дастури билан бирга тўлиқ нархи 1000 доллардан арзон, кам автономияли ёрдамчи тизим эса 500 доллар атрофида. Ҳозирда эса Luminare тизими тахминан 8000 долларга тушади.
Стартап ўз ускуналарини етказиб бериш бўйича соҳадаги 10 етакчи компаниядан 7 таси билан шартнома тузган, улар қаторида: Toyota Research Institute, Volvo, Audi, Volkswagen, Daimler Truck AG. 2021 йили Luminar компанияси Airbus билан ҳамкорликни бошлаган ва авиакомпанияга лазерли 3D-сканерлаш технологиясини етказишни йўлга қўйган. Бу келишув ҳақидаги янгиликлар компания акцияларининг қимматлашишига сабаб бўлган. Бироқ, лидарлардан фойдаланиш ғоясига қарши жиддий ва кучли танқидчи бор – бу Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск.
«Лидар — вақтини бекорга сарфлаш. Кимки лидарга таянаётган бўлса, улар ҳалок бўлади. Қиммат сенсорлар керак эмас», дейди Илон Маск
Илон Маск электромобилларда навигация учун радар, камера ва ультратовушли сенсорлардан фойдаланади. Унга кўра, лидар — бу кераксиз ва қиммат ўйинчоқ. Остин Расселл бу танқиддан яхши хабардор ва бир неча йил аввал тажриба ўтказиш мақсадида Luminar лабораторияси учун Tesla электромобилларини харид қилган. Унинг фикрича, лидарсиз тўлиқ автоном транспорт ҳақиқий эмас, чунки “компьютер кўриши” технологиясигача ҳали анча йўл бор.
«Агар сизга ҳайдовчи иштирокида ишлайдиган, асосан йўл бўйлаб ҳаракатланадиган ёрдамчи автоном автомобил керак бўлса — сизга лидар шарт эмас. Камера ва радар билан ҳам уддалайсиз. Лекин гап фақат 1 фоиз ноодатий ҳолатлар ҳақида кетяпти — масалан, йўлга бола югуриб чиқса. Мана шундай ҳолларда лидар ҳаётни сақлаб қолиши мумкин», — дейди Остин Расселл
2021 йил апрелида Tesla’нинг бош ҳуқуқшуноси Алан Прескотт ишдан бўшаб, Luminar’га юридик директор сифатида ўтгани маълум бўлади. Инсайдер маълумотларга кўра, бу АҚШ Транспорт хавфсизлиги департаменти томонидан Tesla автопилотли автомобиллари билан боғлиқ бир неча ЙТҲ ҳолатлари юзасидан текширувлар олиб борилаётгани билан боғлиқ бўлган.
25 ёшида миллиардер
Остин бир неча бор таъкидлаганидек, у ва унинг жамоаси шунча меҳнат қилгани — севимли лойиҳани сотиш учун эмас. Ҳолбуки, рақобатчилар ва автомобил ишлаб чиқарувчилар томонидан жуда манфаатли таклифлар бўлган. Аммо Расселл қатъий туриб, биржага чиқиш қарорига келади. Стартап SPAC орқали оммавий компанияга айланади – бу ҳозирги кунда акция сотишнинг энг оммалашган ва қонуний усули.
Биржа савдолари натижасида Luminar’нинг умумий қиймати 7,8 миллиард долларга баҳоланади. Расселл 35 фоиз акцияга эга ва савдо якунланганда унинг улуши 2,4 миллиард долларга етади. Қолгани — компания ходимлари ва 250 миллион доллар сармоя киритган инвесторлар улуши. Улар орасида, албатта, Питер Тиль, 1517 фонди, Canvas Ventures, Volvo, GoPro асосчиси Ник Вудман ҳам бор.
Шундай қилиб, қаҳрамонимиз Остин Расселл учун болалик тугайди. У ўзини нафақат тўлиқ бир ғояга бағишлашни уддалайди, балки ўз аждодларини эслаб, автомобил ва электрга бўлган қизиқишни уйғунлаштиради. Оилавий қадриятларга садоқат Остинга лойиҳани тайёр қилиб, кейин сотиш эмас, компанияни мустақил ривожлантириш стратегиясини танлашга ёрдам берган бўлиши мумкин.




