Ота-оналарга контракт тўловлари учун солиқ имтиёзини қўллашда ёш чегараси бекор қилинди
Унга кўра, ота-оналарга фарзандининг ёшидан қатъи назар ОТМларда таълим олишлари учун йўналтирилган тўловларига даромад солиғи бўйича имтиёз берилади.

Ўзбекистонда таълим тўловларига даромад солиғи бўйича имтиёз қўллаш тартиби ўзгарди. Бу бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги тегишли низомга ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, Солиқ кодексига мувофиқ фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ўзи, фарзандлари ҳамда 26 ёшга тўлмаган эри ёки хотинининг таълим олишига йўналтириладиган тўловларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Амалдаги тартибда ота-оналар учун ёш чеклови мавжуд эди — улар 26 ёшгача бўлган фарзандларининг контракт тўловлари учун даромад солиғи бўйича имтиёз олиши мумкин эди. Янги тартиб эса ушбу чекловни бекор қилади.
Бундан ташқари, ўзгартиришлар билан шартнома тўловлари ўзи, фарзандлари ёки эри ва хотинининг ўқиши учун тўланса, солиқ чегирмаси жисмоний шахс таълим олувчига, унинг ота-оналари ҳамда агар ўқиш учун тўлов таълим олувчи 26 ёшгача амалга оширилган бўлса хотини ёки эрига ҳам берилади.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
2023 йилнинг май ойида қабул қилинган президент фармони билан ёшидан қатъи назар фарзандларининг таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилди.
Солиқ қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ОТМларда таълим олувчи фарзандларига контракт тўловларини ўз ойлик иш ҳақидан тўласа, 12% жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин. Бу тартиб ўзи ишлаб, контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади. Шу билан бирга, ўқиш учун банклар томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларга нисбатан ҳам қўлланилади.




