Тошкентда «МДҲ мамлакатлари 2-Ислом банкчилиги ва молияси форуми» иш бошлади
Форумда 20 дан ортиқ давлатдан келган мутахассислар иштирок этади

Тошкентда 21 октябрь куни «МДҲ мамлакатлари 2-Ислом банкчилиги ва молияси форуми» иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон банклари ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, форумда 20 дан ортиқ давлатдан келган мутахассислар иштирок этмоқда. Халқаро форум AlHuda Ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси ташаббуси билан, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва қатор ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда.
Форумдан кўзланган асосий мақсад МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий бозорни ўрганиш, минтақадаги ислом банкчилиги ва молия соҳасидаги тенденциялар, имкониятлар ва соҳадаги учраётган қийинчиликларни таҳлил этишдан иборатдир.
Маълумот учун, форум доирасида 22–23 октябрь кунлари Ўзбекистон банклари ассоциацияси биносида «Ислом банкчилиги, Такафул ва Ислом микромолияси» мавзуларига бағишланган икки кунлик махсус интенсив семинар тренинг ташкил этилмоқда.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани ва Uzbekistan Airports хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтириши ҳақида хабар берилганди.






