
Ўзбекистон ва Қирғизистон Стратегик шериклик декларациясини имзолади
Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги — кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи декларацияга имзо чекди. Шунингдек, ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросимида жами 25 та ҳужжат имзоланди

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги — кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи декларацияга имзо чекди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:
- Ўзбекистон—Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;
- Қирғизистонда автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;
- Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга баённома;
- Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома.

Вазирлик ва идоралар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Шунингдек, Жиззах ва Иссиқкўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида тахминан 1,6 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжатлар тўплами имзолангани ҳақида хабар берилганди.





