«Банкда ишни филиалда сотув бўлимидан бошланг» — кўп йиллик таржибага эга банкир маслаҳати
Кўпчилик банкда ишлашни бош офисда бошлашни орзу қилади. Лекин малакали ходимлар тавсия қиладиган йўл – филиалда сотув бўлимида иш бошлаш. Нега айнан шу йўлни танлаш керак? 14 йиллик тажрибага эга банк ходими бу ҳақда маслаҳат берди.

Банк маҳсулотларини сотишни ўрганасиз. Филиалда иш бошлаган инсон реал мижозлар билан бевосита ишлайди ва маҳсулотларни қандай тарғиб қилишни тушуниб етади. Энг асосийси, унда муомила маданияти шаклланади. Қайси маҳсулотлар учун талаб катта, қайсиларига эса кам бўлаётганини ва бунга сабабни айни ушбу маҳсулот истеъмолчилари – яъни мижозларнинг ўзидан билиб олишингиз мумкин бўлади.
Бизнес жараёнларни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Ҳар бир банк маҳсулоти қандай сотилишини, расмийлаштирилиш жараёни қандай кечишини, қайси маҳсулот қайси мижозлар учун мос эканини ўрганасиз. Бу сизга маҳсулот сотишда қайси бўлимлар ўзаро боғланганини (фронт, бек, бош офис ва бошқалар) яхши тушунишингизга, бизнес жараёнлардаги ортиқча қадамларни ва муаммоли нуқталарни аниқлашга ёрдам беради.
Мижозларнинг дарди ва талабларини тушунасиз. Филиалда ишлаган одам мижозларнинг оғриқли нуқталарини билиб олади. Қайси хизмат мижозларга қулай, қайсиниси эса қийинчилик туғдиради – буларнинг барчасини ичидан кўрган инсон келажакда яхши мутахассис бўлади. Муаммоли мижозларни кўради, уларни муаммоси нимада эканини тушунади ва муаммога ечим қидиришга уринади. Бир сўз билан айтганда – мижознинг банк ҳақидаги тасаввури айнан сотувчи банк ходимларига қараб шаклланади. Банк ходими бу ўз навбатида банкнинг «юзи» ҳам ҳисобланади. Агар бирор мижозга қўпол муомала қилсангиз, у сизни эмас, банкни ёмон кўриб қолади. Бу масъулиятни чуқур тушуниш жуда муҳим ҳисобланади.
Бош офисдаги муаммоларни тушунадиган кадр бўласиз. Айрим бош офис ходимлари филиалдан телефон бўлса, жавоб бермайди ёки телефон овозини ўчириб қўяди… Нега? Чунки катта эҳтимол билан улар филиалдаги жараёнларни яхши тушунмайди ёки филиалда ишламаган. Айтайлик, филиалда ишлайдиган банк ходими ёнида мижоз эътироз билдириб турса, унинг муаммосини бўйича бош офис ходимга телефон қилсангиз, у жавоб бермаса… Вазиятдан ўзингиз чиқишингизга тўғри келади. Мен ўзим карьерамни бош офисда бошлаганман. 2 йилдан кейин бошқа банкда чакана бизнес бўлимида ишимни давом эттирганман ва буни ўзим ҳис қилганман. Кейинчалик яна бош офисга қайтганда эса филиал ходимларининг қўнғироқлари ортида реал мижоз муаммоси ётганини аниқ тушунардим.
Келажакда яхши раҳбар бўлишингиз учун мустаҳкам пойдевор яратасиз. Раҳбарлик қилиш учун фақат назарий билим эмас, реал тажриба ҳам керак. Филиалда ишлаган инсон келажакда яхши бошқарувчи бўлади, чунки у тизимнинг ичидан қандай ишлашини билади. Қайси бизнес жараёнларда қандай муаммоли ва заиф нуқталар борлигини, қайси ишни бажаришга қанча вақт кетишини, қайси ходимда қандай «объём» борлигини жуда яхши англайди ва уни алдашни ҳаёлингизга ҳам келтирмасангиз бўлади. Чунки, «сиз ўқиятган китобни у ёзган бўлади».
Ўз тажрибам: Мен ишни бош офисда бошлаганман. 2 йил ишлаганимдан кейин филиалга ўтиб, жисмоний шахслар билан ишлаш бўлимида тажриба орттирдим. Ўша вақтда омонат расмийлаштириш энг қийин жараён эди, чунки мижозга жуда кўп ҳужжатга қўл қўйдириш керак эди ва бу камида 30 дақиқа вақтни талаб этарди. Тақдир тақозоси билан, орадан 6 йил ўтиб, бошқа банк бош офисида айнан чакана бизнес йўналишида иш бошладим ва шеригим билан биринчи қилган ишимиз – бу айнан чакана банк маҳсулотлари бўйича жараёнларни оптималлаштириш ва ҳужжатларни қисқартиришдан бошланган. Агар аввал филиалда ишламаган бўлганимда, бу муаммони тушунмаган ва ҳал қила олмаган бўлардим.
Хулоса: Банкда муваффақиятли карьера қилишни хоҳласангиз, ишни филиалдан бошланг. У ерда ҳақиқий тажриба, реал билим ва келажакдаги карьерангиз учун мустаҳкам пойдевор бор.





