Марказий банк Тожикистон банки ваколатхонасига берилган гувоҳномани бекор қилди
Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг қарорига мувофиқ «Ориёнбанк» ОАЖнинг мамлакатдаги ваколатхонасига берилган аккредитация гувоҳномаси бекор қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 3 июндаги қарорига мувофиқ Тожикистон Республикаси «Ориёнбанк» ОАЖнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонасига берилган аккредитация гувоҳномаси бекор қилинди.
Мазкур қарор Тожикистон Республикаси «Ориёнбанк» ОАЖ Кузатув кенгашининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонасининг фаолиятини тугатиш тўғрисида қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Тожикистон Республикаси «Ориёнбанк» ОАЖнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси мамлакатдаги фаолиятини 2022 йил 4 августдан бери олиб бораётган эди.
Банк ҳақида
«Ориенбанк» Тожикистондаги энг йирик банклардан бири. У активлари ва капитали бўйича етакчи ўринни эгаллайди.
Банк жисмоний ва юридик шахсларнинг 180 000 дан ортиқ ҳисоб-рақамларини ўз ичига олади.
Умумий ҳисобда банкнинг 32 та филиали мавжуд бўлиб, дунёнинг 4 та давлатида ваколатхоналарига эга.




