Қашқадарё вилоятига ташриф давомида президент Шавкат Мирзиёев вилоятдаги табиий бойликларни иқтисодиётга жалб қилиш бўйича янги топшириқлар берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йилда вилоятга 3,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинди. Ўтган беш ойда айрим туманлар, жумладан, Косон, Китоб ва Чироқчида инвестиция ҳажми қарийб икки баробарга ошган.

Бироқ вилоят ҳудудидаги 12 та конга ҳали саноат кириб бормаган. Қурилиш материаллари соҳасида 150 миллион долларлик 16 та лойиҳа тайёрланган. Президент мутасаддиларга ушбу конларни аукционга чиқаришни топширди.

Хусусан, Китоб туманида 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси аниқлангани айтилди. Давлат раҳбари табиатга зарар етказмасдан, ёпиқ усулда олтин қазиб олишга 100−150 миллион доллар сармоя киритишга тайёр тадбиркорлар кўп эканини таъкидлади. Шу боис ушбу конни ҳам аукционга чиқариш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Китобдаги яна бешта истиқболли майдонда 39 тонна олтин, Чироқчи туманида эса 10 минг тонна ноёб металл ресурси аниқланган. Ушбу майдонларда геология ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.