Сенат Ўзбекистонда исломий банкинг жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Ушбу қонун исломий банк фаолиятини лицензиялашни назарда тутади, исломий операциялар рўйхатини киритади ва уларни солиққа тортиш хусусиятларини аниқлаштиради. Марказий банк ҳузурида Ислом молияси кенгаши ташкил этилади.
5 февраль куни Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кўриб чиқилди.
Маърузачи сенатор Эркин Гадоев қайд этишича, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия хизматларини кўрсатилиши учун ҳуқуқий асос 2024 йилнинг июль ойида яратилганлигига қарамасдан, исломий молия хизматларини солиққа тортиш масалалари ҳал этилмагани (солиқ нейтраллиги таъминланмаганлиги) сабабли мазкур хизматларнинг микромолия ташкилотлари кредит портфелидаги улуши атиги 3,8 млрд сўмни ёки 0,04 фоизни ташкил этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, қонун билан исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва банклар томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши тартиби белгиланмоқда.
Шу мақсадда қонун билан Фуқаролик ва Солиқ кодекслари ҳамда «Марказий банк тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
«Марказий банк тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ Марказий банкка кредит ташкилотлари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш ва исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатлари берилмоқда.
Банклар исломий банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олган ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий молия операцияларини ҳам исломий молия операцияларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Марказий банк томонидан Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг Исломий молия кенгашини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши ва унинг фаолиятига доир талабларни белгилаши нормаси киритилмоқда.
Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши беш нафар аъзодан иборат бўлган таркибда ташкил этилади ва Марказий банк назорат қилиши керак бўлган шахслар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Марказий банк исломий молия кенгашининг ваколатлари ва фаолияти регламенти, унинг ҳуқуқий мақоми, шунингдек, ушбу Кенгаш аъзоларига нисбатан талаблар Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади.
Исломий молия кенгаши исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, Исломий молия фаолияти бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Марказий банкка кўмаклашади, исломий молия соҳасига оид баҳс-мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар ва изоҳлар беради ҳамда исломий молия фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар беради.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга банк — банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар (қарзлар) бериш бўйича банк фаолияти операциялари бўйича банкларга нисбатан белгиланган қоидалар исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкинлиги нормаси киритилмоқда.
Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар қуйидаги исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиши мумкинлиги белгиланмоқда:
- фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш;
- вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш;
- товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш;
- товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш;
- биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш;
- мол-мулкни исломий ижарага бериш (сотиб олиш ҳуқуқи билан).
Шунингдек, Банкларга нисбатан бевосита савдо фаолияти билан шуғулланишга ҳамда юридик шахсларни ташкил этиш ва (ёки) юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушларини (акцияларни) сотиб олишга оид чекловлар, агар бундай фаолият ва операциялар исломий молия операциялари сифатида амалга оширилса, исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра айрим истиснолардан ташқари банкларга юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этиш таъқиқланган.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга банк фаолияти учун лицензия олиш учун қўшимча талаб киритилмоқда. Унга кўра ногиронлиги бўлган шахслар учун банк биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларда амалга оширилаётган исломий банк фаолиятининг исломий молия стандартларига мувофиқлиги юзасидан ҳар йили камида бир маротаба исломий молия бўйича ташқи аудит текшируви ўтказилиши лозимлиги ҳам белгиланмоқда.
Гадоевнинг қайд этишича, исломий банк фаолиятини амалга ошириш бўйича микромолия ташкилотлари учун ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзбекистон Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортишнинг ўзига хос ҳусусиятлари ҳам белгиланмоқда.
Жумладан, солиқ тортиш мақсадларида:
- банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия фаолияти доирасида мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устам ҚҚСдан озод қилинмоқда;
- исломий молия фаолиятидан олинган даромад фоизли даромад деб эътироф этилмоқда;
- исломий молия стандартларига мувофиқ тузилган исломий ижара шартномалари ҳам молиявий ижара ва лизинг шартномаларига тенглаштирилмоқда.
Республикадаги банклардаги аҳоли омонатларини кафолатлаш механизмлари исломий молия соҳасидаги амалиётларга мувофиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ҳам татбиқ этилиши назарда тутилмоқда.
«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ Исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилинаётгани муносабати билан исломий банк фаолиятини лицензиялаш учун банк фаолиятини лицензиялаш учун ундириладиган давлат божига тенг миқдорда давлат божи белгиланмоқда.
Бунда Исломий банк фаолияти учун ташкил этилаётган банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Ислом молияси анъанавий молиявий хизматлардан фарқ қилиб, савдо фаолияти ислом молиясининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шу сабабли, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган кредит ташкилотлари томонидан исломий молия фаолиятини амалга ошириш доирасида амалга оширилган харидларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.
