
«Zoom пандемиядан кейин ҳам ўсишда давом этади» — компания вакили ривожланиш сабабларини айтди
Компания бизнеси икки йилдан кам вақт ичида нолдан 2 миллион фойдаланувчигача ўсган.

Zoom анъанавий ва масофадан ишлашнинг гибрид режими оммабоплашуви туфайли ҳатто пандемиядан кейин ҳам ўсишда давом этади. Бу ҳақда компаниянинг Осиё-Тинч океани бўлими раҳбари Рики Капур CNBC’га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Бўлим раҳбарининг таъкидлашича, пандемиядан кейин корхоналарнинг ҳозирда сармоя киритаётган учта соҳада катта силжиш содир бўлади. Бу эса компаниянинг ўсиши ва долзарблигини рағбатлантиради.
Биринчидан, компаниялар янада инклюзив, ҳамкорликка асосланган ва гибрид иш муҳитини яратиш ҳақида ўйлайди.
«Ишчилар янада мослашувчан иш жадвалларини ва қаерда бўлмасин, муаммосиз ишлай олиш имкониятини талаб қилмоқдалар», — деб тушунтирган Капур.
Иккинчидан, компаниялар мижозлари билан ўзаро муносабатларини қайта кўриб чиқмоқда, чунки улар кўпроқ қулайлик талаб қилади. Учинчидан, рақамли компаниялар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги мижозларга эришишга ёрдам берадиган хизматларни таклиф қилиш учун ўзларининг инновацион платформаларини қурмоқда.
Қайд этилишича, Zoom’нинг учинчи чоракдаги даромадлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга, иккинчи чоракдаги даромади эса 54 фоизга ошган. Гибрид ишга ўтиш билан бирга, одамлар алоқа мослашувчанлиги учун кўпроқ интилади.
Директорнинг қўшимча қилишича, Zoom бизнеси икки йилдан камроқ вақт ичида нолдан 2 миллион фойдаланувчигача ўсиб, энг тез ривожланаётган булутли хизматлардан бирига айланган. «Рақамлар бизга мижозларнинг ҳали ҳам инвестиция қилишини ва пандемиядан кейин Zoom’га сармоя киритишда давом этишидан далолат беради», деган у.
Аввалроқ Zoom’нинг даромади 1 млрд доллардан ошгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Zoom бепул версия фойдаланувчиларига реклама кўрсатишни бошлаши хабар қилинди.





