Airbnb 100 минг нафар украиналик қочқинни уй билан таъминлайди
Компания уй-жой харажатларининг бир қисмини ўзи қоплайди.

Airbnb турар жой топиш бўйича онлайн платформа раҳбарияти Польша, Германия, Венгрия ва Руминия ҳукуматларига 100 минг украиналик қочқинни вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, компания уй-жой харажатларининг бир қисмини ўзи қоплайди, бошқа қисмини — молиявий донорлар ва платформадаги мезбонлар ҳисобидан.
Таъкидланишича, шу кунгача Украинани тарк этган 300 мингга яқин одам уй-жойсиз қолган. Шу билан бирга, Еврокомиссия бу кўрсаткич 1 миллионгача ошиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Airbnb 220 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларда ишлайди. 2021 йилда компания толибон томонидан мамлакат эгаллаб олингандан сўнг афғон қочқинларини жойлаштиришга ёрдам берганди ва 21 мингдан ортиқ одамни уй-жой билан таъминлашга муваффақ бўлганди.
Аввалроқ миллиардер Олег Тиньков Россиянинг Украинага босқинини қоралагани хабар қилинганди. Шунингдек, Украина бош вазир ўринбосари Илон Маскдан мамлакатни интернет билан таъминлашда ёрдам сўрагани ҳақида хабар берилди.






