
Ўзбекистонликларнинг 80%дан ортиғи тўй харажатларини яқинларининг ёрдами ва қарзлар ҳисобидан қоплайди — тадқиқот
Юксалиш ўтказилган сўровнома натижаси асосидаги умумий хулосаларни тақдим қилди. Унга кўра, Ўзбекистондаги замонавий тўй харажатлари кўплаб оилаларни қарзга ботираётган бўлиб, бу уларнинг турмушни бошлаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистонликларнинг 80 фоиздан ортиғи тўй харажатларини қарзлар ва қариндошларининг ёрдами ҳисобидан қоплайди. Бу ҳақда Юксалиш умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган тадқиқотда маълум бўлди.
Юксалиш ҳаракати 19 июндан 3 июлгача Ўзбекистондаги тўйлар мавзусида аҳоли ўртасида сўровнома ўтказди. Унда 1247 киши иштирок этган бўлса, уларнинг 71 фоизидан ортиғи турмуш қурган.
Тадқиқот мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олган бўлсада, Қорақалпоғистондандан иштирок этгани респондентлар иштирокчиларнинг умумий сонининг чорак қисмидан кўпроқни ташкил этди.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг катта қисми — 81,24 фоиз (айниқса, вилоятларда яшовчилар) — ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 млн сўмдан 12 млн сўмгача деб кўрсатган.
Қолган респондентларнинг оила буджети бўйича ўртача ойлик даромади тақсимоти қуйидагича кўринишда:
- 44,43 фоиз — 5 млн сўмгача:
- 23,82 фоиз — 5−8 млн сўм;
- 12,99 фоиз — 8−12 млн сўм
Респондентларнинг 65,2 фоизи режалаштирилган ва амалда сарфланган маблағларнинг 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача бўлишини таъкидлашган.
Юксалиш ҳаракатинг қайд этишича, бу кўрсаткич кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Молиялаштириш манбалари ҳақида сўралганида, иштирокчиларининг ярмидан кўпи тўйни ўзлари ва яқинларининг ёрдами ҳисобидан ўтказишини билдирган.
Уларнинг 25,1 фоизи қарз олганликларини ёки олишни режалаштираётганликларини айтишган. Атиги 14 фоизи даромадини етрали деб ҳисоблаб, тўй харажатларини мустақил равишда қоплай олади.
«Тўй — кўплаб оилалар учун улкан молиявий юк, уларнинг мавжуд даромадларига мутлақо мос келмайди ва қарзга ботиради, бу эса янги турмуш бошлаётган оилалар ёки уларнинг ота-оналари учун молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдиради», — дейилади тадқиқотда.
«Тўйга катта харажат қилишга нима сабаб бўлади?» деган саволга улар кўпинча шахсий истаклардан кўра ташқи омилларни кўрсатган.
46,11 фоиз респондентнинг танловига кўра, тўй қилишга ундовчи энг асосий сабаб — бу «жамият босими» ёки «элга тўй бериш мажбурияти»дир.
Юксалишънинг таъкидлашича, бу кўрсаткич тўй маросимининг бизнинг маданиятимизда фақат шахсий эмас, балки ижтимоий баҳо мезонига айланганини яққол намоён этади. «Уят бўлмасин», «юзимиз ерга қарамасин» деган руҳий босим эса кўплаб оилаларни ўз имкониятларидан ортиқ харажат қилишга мажбур қилмоқда.
Бошқа сабаблар қаторида келин-куёвларнинг хоҳиш-истаклари (31,33 фоиз), ота-оналарнинг орзу-ҳаваси (29,09 фоиз), совчиларнинг талаблари (16,59 фоиз) ва қариндошларнинг босими (11,14 фоиз) ни санаб ўтиш мумкин.
«Юқори тўй харажатлари кўпроқ ёшларнинг шахсий танловидан эмас, балки катта ижтимоий босим ва ота-оналар ҳамда жамият кутган умидлар натижасида юзага келаётган ҳолатдир», — дея таъкидлайди Юксалиш.
Бундан ташқари, сўровда қатнашганларнинг энг катта қисми тўй харажатларини шахсий танлов деб ҳисобласада, уларнинг қарийб ярми тўғридан-тўғри ёки билвосита жамият босимини тан олган.
Респондентларнинг 44,51 фоиздан ортиғи тўй учун сарфланган маблағлардан афсусда эканликларини билдиришган. Муқобил вариант сифатида улар таълим, уй-жой сотиб олиш, саёҳат, соғлиқни тиклаш, бизнесга сармоя киритишни афзал кўришади.
Сўровнома иштирокчилари тўй анъаналарини ислоҳ қилиш ва соддалаштириш, жумладан, меҳмонлар сони ва маросим кўламини, тўйдан олдинги ва кейинги баъзи тадбирларни қисқартириш тарафдори. Атиги 7,14 фоиз иштирокчи ҳеч қандай ўзгариш талаб қилинмайди, деб ҳисоблайди.
Юксалиш ўтказилган сўровнома натижаси асосидаги умумий хулосаларни тақдим қилди. Унга кўра, Ўзбекистондаги замонавий тўй харажатлари кўплаб оилаларни қарзга ботираётган бўлиб, бу уларнинг турмушни бошлаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Исрофгарчиликнинг асосий сабаби шахсий истаклар эмас, балки ижтимоий босим, «кўз-кўз қилиш» маданияти ва катта авлоднинг кутишлари ҳисобланади.
Жамиятда рационал фикрлаш (харажатларни камайтириш зарурати) билан анъанавий иррационал хатти-ҳаракатлар (одамлар нима дейди деган қўрқув) ўртасида ички зиддият мавжуд.
Кўпчилик аҳолининг фикрича, тўй маросимларини соддалаштириш, ҳажмини камайтириш ва ортиқча одатлардан воз кечиш зарур ва қўллаб-қувватланади.




