
НКМК ярим йилда салкам 48 тонна олтин ишлаб чиқарди
Мурунтов кони дунёдаги энг йирик очиқ кон бўлиб қолмоқда, унинг ресурс базаси 3141 тонна олтинга тенг. НКМКнинг умумий фойдали қазилма захиралари 4354,4 тонна баҳоланмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярмида Навоий кон-металлургия комбинати жами қиймати 60,8 триллион сўмга тенг маҳсулотни ишлаб чиқарди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 44,1 фоизга кўпроқ. Бу ҳақда НКМК матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 фоизга ошиб, 1,54 минг трой унция (47,8 тонна) олтинни ташкил этди. Келтирилган маълумотларга кўра, ҳисоб-китоблар бир унция учун 3113 доллар қийматида олиб борилган.
Инвестиция дастури доирасида 219,5 млн долларлик маблағ ўзлаштирилди, бу 2024 йил январь июнидаги кўрсаткичдан (363,5 млн доллар) 39,6 фоизга кам демакдир. 1190 та янги иш ўрни яратилди (бир йил аввал — 227 та).
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 757,5 млрд сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди (бир йил аввал — 471,6 млрд сўм), тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида 3,6 трлн сўмдан ортиқ маҳсулот харид қилинди (ўтган йили — 3,2 трлн сўм).
Харажатларни мақбуллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ижроси маҳсулот таннархини 1,8 трлн сўмга камайтириш имконини берди (бир йил аввал — 1,2 трлн сўм).
Мурунтов кони дунёдаги энг йирик очиқ кон бўлиб қолмоқда, унинг ресурс базаси 101 млн унция (3141 тонна) олтинга тенг. НКМКнинг умумий фойдали қазилма захиралари 140 млн унцияга (4354,4 тонна) баҳоланмоқда.
Даромад ва фойда бўйича маълумотлар келтирилмаган.
«Мурунтов конини ўзлаштириш В навбат 2-босқич» йирик инвестиция лойиҳаси бўйича техник иқтисодий асослар ишлаб чиқилди. Ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида Мурунтов конидан йилига 60 млн тонна олтин таркибли маъданни 2-гидрометаллургия заводига етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2030 йилгача НКМК барқарор ривожланиш дастурига мувофиқ бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, 7-гидрометаллургия заводининг қайта ишлаш қувватини кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаси олиб борилмоқда, унинг амалга оширилиши қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш, замонавий талабларга жавоб берадиган энергиясамарадор ва илғор технологияларни жорий этган ҳолда заводда йилига 26 млн тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш имконини беради.
Шунингдек, Қоқпатас ва Довғизтов олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича (3-навбат) лойиҳани амалга ошириш ишлари давом этмоқда. Унинг амалга оширилиши натижасида 3-гидрометаллургия заводида йилига 10 млн тонна олтин таркибли маъданлар қайта ишланади.
Зармитан конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш инвестицион лойиҳаси доирасида Зармитан конида диаметри 6,5 метр ва чуқурлиги 1000 метр бўлган «Скипли» ствол — замонавий муҳандислик иншооти ишга туширилди ва бу Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихида янги босқични бошлаб берди. Ушбу иншоот йилига 1,4 миллион тонна руда қазиб олиш, уни 4-гидрометаллургия заводига етказиб бериш имконини беради. Шунингдек, у ишчиларни пастга тушириш, ер ости сувларини чиқариб ташлаш ва шахтани шамоллатиш вазифаларини ҳам бажаради.




