АҚШ Оролбўйига 3 млн долларлик ёрдам кўрсатади
Беғараз ёрдам юклари ортилган контейнер АҚШ-Италия–Греция–Грузия–Ўзбекистон йўналиши бўйича етказилади.

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов ва Project C.U.R.E. компанияси президенти Дуглас Жексон ўртасида Оролбўйи минтақасига 3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуна ва тиббий буюмлар етказиб бериш бўйича аввал эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Оролбўйи ҳудуди учун мўлжалланган навбатдаги гуманитар юклар ортилган контейнерни Ўзбекистонга жўнатилиши ташкил этилди.
«Дунё» мухбирининг хабар беришича, Project C.U.R.E. раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар чоғида Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан шакллантирган инсонпарварлик юкининг умумий ҳажми қарийб 7 тоннани ташкил этган.

Юк таркиби электрогидравлик операция столлари, гемодиализ аппаратлари, ультратовуш тадқиқот ускуналари, рентген сканерлари, интенсив терапия инкубаторлари, дефибрилляторлар, лаборатория анжомлари, тиббий кислород баллонлари ва бошқа асбоб-ускуналардан иборат.
Элчихона томонидан тақдим этилган маълумотларда қайд этилишича, беғараз ёрдам юклари ортилган контейнер АҚШ-Италия–Греция–Грузия–Ўзбекистон йўналиши бўйича денгиз ва қуруқлик йўллари орқали Қорақалпоғистонга етказилади. Юкни манзилга етказиб бериш 2022 йил апрель ойининг охирига қадар якунланиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Project C.U.R.E. нодавлат-нотижорат ташкилоти 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, у ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар танқислигини бартараф этиш борасида кўмак кўрсатади. ННТ АҚШнинг 6 штатида ўзининг йирик тарқатиш марказларига эга. Ҳар йили Project C.U.R.E. томонидан 40 футлик 200 тадан ортиқ контейнер шакллантирилади.
2022 йил май ойида Project C.U.R.E. лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш ташкилотларига тиббий материаллар, асбоб-ускуналар, мобиль вентиляторлар ва тиббий буюмларни ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдамининг биринчи туркуми жўнатилган эди.
Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси Оролбўйи минтақасига инсонпарварлик ёрдамининг бундан кейинги туркумини тайёрлашнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида Project C.U.R.E. лойиҳаси вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда.






