«Челси»нинг ўйинида илк марта робот ҳакам синовдан ўтказилади
Янги технология ўйинчиларнинг ҳаракатларини кузатиб боради.

«Челси» футбол клуби Премер-лигада биринчи бўлиб Абу-Дабида бўлиб ўтадиган турнирда FIFA’нинг янги технологияси бўлган робот-ҳакамни синаб кўради. Бу ҳақда Sport Bible хабар берди.
Янги технология ўйинчиларнинг ҳаракатларини кузатиб боради ва ярим сонияда офсайд ҳақида автоматик равишда қарор қабул қилади, бу эса видеоёрдамчи ҳакамлар билан боғлиқ кечикишларни бартараф этишга ёрдам беради.
Тизим стадионлар томларига ўрнатиладиган 29 та махсус камералар ёрдамида футболчиларнинг фазодаги ҳолатини кузатиб боради. Бу анимацион ўйинчи скелетини яратади. Ўйиндан ташқари ҳолат аниқланган тақдирда ҳакамлар ва VAR жамоаси махсус сигналларни олади.
«Биз ушбу янги маълумотлар манбасига кириш қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш ва объективликни ошириш орқали ўйинга ижобий таъсир кўрсатишига қатъий ишонамиз.
Бироқ биз ушбу ривожланиш жараёнининг бошида турибмиз ва кейинги имкониятларни баҳолаш учун эҳтимолий ҳолатларни синчковлик билан текшириш керак», — дейди FIFA’нинг технологиялар ва инновациялар бўйича директори Йоханнес Хольцмюллер.
«Челси»нинг робот-ҳакам иштирокидаги илк ўйини 9 февраль куни қуйидаги жамоалардан бирига қарши бўлиб ўтади: Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол», Абу-Дабининг «Ал-Жазира» ёки Таитининг «Пираэ».






