Дунё бўйича самолёт ишлаб чиқарувчи энг йирик компания номи маълум бўлди
2021 йилда Airbus мижозларга 611 та самолёт етказиб берди.

Airbus кетма-кет учинчи йил энг йирик самолёт ишлаб чиқарувчи компания бўлиб қолмоқда ва асосий рақобатчиси Boeing’дан анча олдинда. Бу ҳақда компания расмий сайтида маълумот берилган.
Қайд этилишича, 2021 йилда Airbus мижозларга 611 та самолёт етказиб берган, бу 2020 йилга нисбатан 8 фоизга кўпдир. Boeing эса 2021 йилнинг 11 ойида 302 та самолёт етказиб берган.
Шу тариқа, Airbus 2021 йилга мўлжалланган вазифа — камида 600 та самолётни мижозларга топширишни бажарди.
Airbus мижозлари орасида энг оммабоп самолёт A320neo бўлиб, унга 660 дан ортиқ буюртма берилган. Умуман олганда, 2021 йил охирида компанияда ҳали етказиб берилмаган 7082 та самолётга буюртма бор.
Airbus бош директори Гийом Фори йил натижаларини шарҳлар экан, шундай деди:
«Ҳали ҳам бир оз ноаниқлик бор, лекин биз мижозларимизнинг истакларини қондириш учун 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ниятидамиз».
Аввалроқ Бухорода илк бор самолёт парракларини алмаштириш амалиёти ўтказилгани хабар қилинганди.






