Humo’нинг контактсиз ишлай бошлаган банкоматлари, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтинги ва Қозоғистонга АЭС кераклигини айтган Тўқаев — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 8 февраль санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Humo’нинг контактсиз ишлай бошлаган банкоматлари
Ўзбекистонда Humo тўлов тизимининг банкоматлари бутунлай контактсиз ишлай бошлади.
Маълум қилинишича, Humo банкоматлари худди терминаллар каби контактсиз ишлай бошлади. Энди нақд пулларни олиш учун картани NFC белгисига теккизиш ва ПИН-кодни киритиш кифоя.
Таъкидланишича, ҳозирда банкоматларни нақд пул олишнинг ушбу усулига улаш ишлари фаол олиб борилмоқда.
«Банкоматдан контактсиз услубда фойдаланишдан аввал NFC сканер ёритилиб турганига ишонч ҳосил қилинг ва банкомат хизматидан фойдаланинг», дейилади хабарда.
40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтинги
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг йиллик топ-40 рейтинги шакллантирилди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идораларида масъулиятли лавозимларга кўплаб ёш раҳбарлар тайинланган. Уларнинг аксарияти хорижда таълим олган, амалий иш тажрибасига эга ва ўзини намоён этишга муваффақ бўлган.

Вазирликлар раҳбарияти таркиби тубдан янгиланган. Бугунги кунда 24 нафар вазирдан 10 нафари (42 фоизи) — 40 ёшдан 45 ёшгача, 4 нафари (17 фоизи) — 46 ёшдан 50 ёшгача, уч нафари (12 фоизи) — 51 ёшдан 55 ёшгача бўлган кадрларни ташкил қилади.
Қозоғистонга АЭС кераклигини айтган Тўқаев
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат учун тоза атом энергияси ниҳоятда зарурлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Президенти мамлакатда атом электр станцияси қурилиши, шунингдек, энергетика комплексининг долзарб муаммолари ҳақида гапирган.
Шунингдек, Тўқаев яқинда содир бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга таъсир қилган электр таъминотидаги узилишларга эътибор қаратган.
«Биз электр таъминоти тизимининг ишида мунтазам узилишларга дуч келдик. Энг ёрқин мисол — яқинда мамлакат жанубида юзага келган электр таъминотидаги узилиш. Биз қисман қўшни давлатлар энергетика тизимларининг иш сифатига боғлиқмиз», — деган у.
Президент Қозоғистоннинг энергетика хавфсизлиги масалаларини зудлик билан ҳал қилиш кераклигини таъкидлаган.
«Мен нима учун масъул шахслар АЭС қурилиши ҳақидаги саволларга дипломатик йўл билан жавоб беришдан қочаётганини тушунмаяпман. Лекин очиқ айтиш керак: тоза атом энергетикасисиз биз бутун иқтисодиётни йўқотамиз, инвестициялар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Биз минтақавий етакчиликни йўқотамиз. Бизга тоза атом энергияси жуда керак. Иқтисодий воқеликни тушунмайдиган популистлар йўлига эргашиб бўлмайди», — деган Тўқаев .
Унинг сўзларига кўра, бу масалаларга масъул шахслар атом энергетикасининг аҳамияти бўйича ахборот ва тушунтириш ишларини кучайтириши керак.
Бундан ташқари, «Самрук-Казина» давлат миллий фаровонлик жамғармаси раиси Алмасадам Саткалиев, ўз навбатида, электр энергияси тақчиллиги муаммосига энг самарали ечим Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш, деб ҳисоблайди.
«Электр энергиясини истеъмол қилиш ва ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинган энергия балансига кўра, яқин келажакда мамлакат жанубида йирик энергия манбасини қуришга ўтиш зарур. Кун тартибидан келиб чиққан ҳолда, бизнинг нуқтаи назаримизда, энг самарали ечим атом электр станциясини қуриш бўлади», — деган у.
«Шимолий оқим-2»ни тўхтатиш билан «таҳдид» қилган Байден
АҚШ Президенти Жо Байден Россия ва Украина ўртасида уруш чиққан тақдирда «Шимолий оқим-2» газ қувурини тўхтатишга ваъда берди.
Маълум қилинишича, «Шимолий оқим-2» газ қувури лойиҳаси Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан тўхтатилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан сўнг Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилган.
«Агар Россия бостириб кирса, яъни танклар ёки қўшинлар яна Украина чегарасини кесиб ўтса, ҳеч қандай «Шимолий оқим-2» бўлмайди. Биз бунга чек қўямиз, — деган Байден.
Айни пайтда, Россия расмийлари Украинага ҳужум қилиш ниятини бир неча бор рад этган. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва ва Киев ўртасидаги уруш ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмас деб ҳисоблашини айтган эди.
Таъкидланишича, Шольц Вашингтонга бир кунлик сафари чоғида қувур лойиҳаси номини ошкора айтмаган ва ундан воз кечиш режаларини тасдиқламаган.
«Биз бирлашамиз. Биз биргаликда ҳаракат қиламиз. Ва биз барча керакли чораларни кўрамиз», — деган Шольц .
Байден ва Шольц матбуот анжуманида Украина бўйича можарога ечим сифатида дипломатияни афзал кўришларини айтган. Байден Россиянинг инқироздан чиқиш йўли борми, деган саволга ижобий жавоб берган. Шольц Байден, Европа Иттифоқи расмийлари ва Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари билан учрашувлардан сўнг Киев ва Москвага ташриф буюришни режалаштирмоқда.
«Германиянинг АҚШ билан ҳамкорлигига шубҳа йўқ. Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас», — деган Байден.
Самарқандда қуриладиган ГЭСлар
Ўзбекистонда 2022 йил гидроэлектр соҳасида 7 та лойиҳа ишга туширилади.
Маълум қилинишича, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида республикада «яшил» энергетика соҳасини келгусида янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, 2022 йилда гидроэнергетика соҳасида умумий қуввати 173 мегаватт бўлган 7 та лойиҳа ишга туширилади.
Хусусан, 2022 йилда Самарқанд вилоятида 3 та янги гидроэлектр станциялар қурилади. Шунингдек, Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги мавжуд 4 та гидроэлектр станция модернизация қилинади.
Бунинг натижасида 173 мегаватт янги қувватлар яратилиб, мамлакат гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 2225 мегаваттга етказилади.
Европада ёпилиши айтилган Facebook ва Instagram
Meta Европада Facebook ва Instagram’ни ёпиш билан таҳдид қилди.
Маълум қилинишича, Meta Европада Facebook ва Instagram’ни европаликларга АҚШ серверларида маълумотларни узатиш, сақлаш ва қайта ишлашга тўсқинлик қилувчи маҳаллий қоидалар туфайли ёпиши мумкин. Meta, агар компания мавжуд шартнома моделидан фойдалана олмаса, Европадан чиқиб кетиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясининг ҳисоботида Meta мамлакатлар бўйлаб фойдаланувчи маълумотларини қайта ишлаш бизнес ва реклама таргетинги учун жуда муҳим эканини айтган.
«Агар биз фаолият юритаётган мамлакатлар ва ҳудудлар ўртасида маълумотларни узата олмасак ёки маҳсулот ва хизматларимиз ўртасида маълумот алмашишимиз тақиқланган бўлса, хизматлар кўрсатиш ёки рекламаларни мақсадли кўрсатиш қобилиятига таъсир қилиши мумкин», дейилган Meta баёнотида.
Meta’нинг аниқлик киритишича, у 2022 йилда янги келишувга эришиши мумкин. Мабодо бу амалга ошмаса, компания Европадан чиқиб кетишга мажбур бўлади.
«Биз Европада энг муҳим маҳсулот ва хизматларимизни, жумладан, Facebook ва Instagram’ни таклиф қила олмаслигимиз мумкин», — деган Meta.
Украинанинг Ғарбдан олган маблағлари
Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Украинага умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик ёрдам юборди.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг таъкидлашича, Украинага сўнгги ойларда минг тоннадан ортиқ қурол ҳам келган.
«Украинага халқаро ёрдам сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ортди. Шу ҳафталар ва ойлар давомида биз 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ олдик, етказиб берилган қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳажми эса минг тоннадан ортиқ», — дейди Кулеба матбуот анжуманида.
Украиналик дипломатнинг сўзларига кўра, хорижий делегацияларнинг Киевга ташрифи «Россияни ушлаб туришга» ёрдам беради. Унинг қайд этишича, 8 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашувда Украина расмийлари мамлакат қуролли кучларини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилиш ниятида. Дипломат Киевда Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан Украинага қурол етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилишни кутмоқда.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






