Ўзбекистонда автомобиль ижарага бериш жараёни енгиллаштирилади
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида тегишли қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Ўзбекистонда транспорт воситасини ижарага бериш жараёни енгиллаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда. Бу каби шартномалар оддий ёзма шаклда тузилиши мумкинлиги белгилаб берилмоқда.
Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатлар енгиллашади, ижара бозори ривожланади.
Шунингдек, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш соҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчилигининг олди олинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда юридик шахслар ҳам автомобилларни қисқа муддатга ижарага олиши мумкин бўлиши ҳақида хабар берилганди.






