Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг жиноятлари давлат ва жамиятга қанча зарар етказгани очиқланди
Махсус қонун лойиҳаси билан мансабдор шаҳсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева маълум қилди.
Қайд этилишича, статистика бўйича мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 миллиард, 2019 йилда 1,858 триллион, 2020 йилда 500,1 миллиард, 2021 йилнинг 9 ойида 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан мансабдор шаҳсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда.
Яъни «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш», «Ҳокимият ҳаракатсизлиги», «Мансаб сохтакорлиги» ва «Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги» жиноятлар агар «ғаразгўйлик» ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон халқ таълими тизимида 11 ойда 27,5 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад аниқлангани ва бюджет маблағларини талон-торож қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши ҳақида хабар берилганди.






